1

Бугун ташкил этилган тадбирда Президентнинг темирйўл ходимларига табриги ўқиб эшиттирилди

ЖАМИЯТ 05.08.2022, 22:28
Бугун ташкил этилган тадбирда Президентнинг темирйўл ходимларига табриги ўқиб эшиттирилди

Темирйўлчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида, 2017 йилдан буён ушбу кун, август ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни сифатида нишонланиб келинади.

Шу муносабат билан бугун ташкил этилган тантанали тадбирда давлат раҳбарининг соҳа вакилларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Жараённи Шерзод Асадов амалга оширди.

"Ҳурматли темир йўл соҳаси ходимлари!

Муҳтарам фахрийлар!

Аввало, сиз, азизларни – моҳир ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва муҳандислар, машинист ва вагон кузатувчиларини, шу тизимда сидқидилдан меҳнат қилаётган юртдошларимизни Темир йўл транспорти ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман",-дейди Президент сўзи аввалида.

"Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан мамлакатимизда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлайдиган замонавий темир йўл тизими барпо этилиб, кечаю кундуз самарали фаолият кўрсатиб келаётгани албатта эътиборлидир",-дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари табрик сўзида давом этаркан, кейинги йилларда Ўзбекистонда соҳада амалга ошираётган кенг кўламли ишлар туфайли мамлакат транзит салоҳияти ва нуфузи ортиб бораётганини қайд этган.

"Ҳеч шубҳасиз, юртимизда темир йўл тармоқларининг кенгайиб бораётгани барча ҳудудларимизни ўзаро мутаносиб ривожлантириш, бой минерал хомашё ресурсларини комплекс ўзлаштиришда янги-янги имкониятлар очмоқда. Шу маънода, темир йўллар – мамлакатнинг ҳаётбахш қон томирларидир, деган ибора айни ҳақиқатдир",-дейди мамлакат етакчиси.

"Қадрли ватандошлар!

Бугун – мана шу қутлуғ айёмда соҳа ходимлари меҳнатидан баҳраманд бўлиб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг эзгу тилакларини ифода этган ҳолда, сиз, азизларга жонажон Ватанимиз равнақи ва фаровонлиги йўлидаги самарали меҳнатингиз учун ўз номимдан, бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдираман.

Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ишларингизда ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман",-дейилади Шавкат Мирзиёев табриги сўнгида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1