Саратонни келтириб чиқарувчи беш маҳсулот рўйхати эълон қилинди

САЛОМАТЛИК 15.08.2022, 19:02
Саратонни келтириб чиқарувчи беш маҳсулот рўйхати эълон қилинди

Кундалик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан беш тури мазкур хасталикка чалиниш эҳтимолини ошириши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Германиянинг “Stiftung warentest” истеъмолчилар фонди ЖССТ тадқиқотларига асосланиб, ана шу маҳсулотлар рўйхатини эълон қилди.

1. Қайта ишланган гўшт

Улар сирасига тузланган ва дудланган гўшт ва гўшт маҳсулотлари киради. Бундай ноз-неъматларни кунига 50 граммдан ортиқ истеъмол қилиш йўғон ичак саратонига чалиниш хавфини 18 фоизга оширади. Қолаверса, йилига тахминан 34 минг кишининг ўлимига сабаб бўлади. 

2. Қизил гўшт

Бу турдаги маҳсулот йўғон ичак, ошқозон ости ва простата бези саратони шаклланишига сабаб бўлиши билан боғлиқ далиллар мавжуд. Бироқ маълумотлар ҳали 100 фоиз ўз тасдиғини топгани йўқ. Қайд этилишича, мутахассислар қизил гўштнинг ҳафталик истеъмолини 500 граммдан оширмасликни тавсия этади.  

3. Сут

Аслида бу жуда шифобахш неъмат. Фақат меъёр масаласи муҳим. Масалан, кунига 200 дан 800 миллилитргача сут истеъмол қилиш йўғон ичак ёки кўкрак бези саратонидан ишончли ҳимоя қилиши мумкин.  

Бироқ эркаклар бу борада эҳтиёт бўлишлари зарур: сут маҳсулотлари таркибида калцийнинг юқори миқдори простата бези саратони хавфини ошириши эҳтимоли мавжуд. Шу сабабли эркаклар кунига 1,5 граммдан ортиқ калций истеъмол қилмасликлари керак. Бу ўрта ҳисобда 1,25 литр сут, дегани.  

4. Шакар

У саратоннинг билвосита сабабчисидир. Уни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш ортиқча вазнни келтириб чиқаради. Семириш эса камида 13 турдаги саратон билан боғлиқ касалликлар ривожланиши эҳтимолини оширади.

5. Спиртли ичимликлар

Бу борада ЖССТнинг хулосаси қатъий. Яъни алкоголь маҳсулотлари истеъмолининг хавфсиз даражаси йўқ! Демак, у  кам миқдорда ичилса ҳам, саратонга чалиниш хавфи йўқолмайди. Агар кўпроқ истеъмол қилинса, вазият янада ёмонлашади. Бу борада спиртли ичимликларнинг тури ёки сифати аҳамиятсиз.

Таъкидланишича, маст қилувчи ичимликлар тамаки маҳсулотлари билан бирлашса, хавф кўлами янада ортади. Чунки спиртли ичимликлар оғиз шиллиқ қаватини тамакининг ифлослантирувчи моддаларига ўтказувчан қилади. 

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, саратон касаллигини келтириб чиқарувчи омилларнинг учдан бир қисми нотўғри овқатланиш ёки камҳаракатлик оқибатидир.  

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1