АсосийJamiyat

“Ўзбекистон – Корея: келажакка назар”...

'“Ўзбекистон – Корея: келажакка назар”...'ning rasmi

Эртага Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети кўмагида “Корея Республикаси – Марказий Осиё” Ҳамкорлик форуми Котибияти билан биргаликда “Ўзбекистон – Корея: келажакка назар” экспертлар анжумани ўтказилади.

Тадбир Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган қўшма тадбирлар дастурига мувофиқ ташкил этилмоқда.

Бўлажак форумнинг асосий мақсади сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Йиғилишда юқори мартабали вакиллар – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Корея Республикаси Миллий ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ раҳбари Содиқ Сафоев, ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов, “Корея Республикаси – Марказий Осиё” Ҳамкорлик форуми Котибияти ижрочи директори Ли Чжон Гук, Кореянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг иштирок этади.

Анжуман майдонида икки мамлакат таҳлилий марказлари етакчи мутахассислари ва раҳбарлари ҳам тўпланади. Жумладан, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Орипов, Марказий Осиё Халқаро институти директори Анвар Носиров, Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлилий марказ директори Дониёр Қурбонов, Прогнозлаштиририш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов ва бошқалар сўзга чиқиши кутиляпти.

Корея томонидан Ханьянг университети ҳузуридаги Осиё – Тинч океани минтақаси тадқиқотлари маркази директори Ом Гу Хо, Корея халқаро иқтисодий сиёсати институти Янги шимол сиёсати департаменти раҳбари Пак Чжон Хо, Евроосиё ва турк тадқиқотлари институти директори О Ин Кён, Сеул миллий университети халқаро муносабатлар кафедраси профессори Шин Бом Шик маъруза қилади.

Қайд этиш керак, ўтган ўттиз йил давомида Ўзбекистон – Корея муносабати ўзаро ҳурмат, ишонч ва  манфаатни ҳисобга олиш тамойили асосида изчил ривожланиб, ўзига хос стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Юқори даражадаги расмий мулоқотнинг жадал ривожланиш суръати давлатлараро алоқани мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Фақат мамлакатлар етакчилари ўртасида 18 марта саммит ўтказилган.

Сўнгги беш йил ичида икки давлат раҳбарлари фаол ва мунтазам равишда учрашувлар ўтказди – 4 та олий даражадаги саммит бўлиб ўтди.

Ўзаро товар алмашинуви ва инвестиция кўрсаткичи ўсиб бориши ҳам шериклик мустаҳкамланишининг юқори суръатидан далолат. 2016-2019 йиллар оралиғида товар айирбошлаш 2.5 баробар зсиб, 1.1 миллиард доллардан 2.8 миллиард долларга етди.

    Бошқа янгиликлар