Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқоти давом этмоқда.
Президент илгари сурган иккинчи ташаббус – тадбиркорларимиз фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратишдир.
Бу борада кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилади.
Учинчи йўналиш ҳақида сўз юритар экан, Президент кредит бериш масаланинг фақатгина бир томони экани, бизнес юриб кетиши учун етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор кераклигини алоҳида қайд этди.
Шу сабабли, энг аввало, туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этилади.
Тўртинчи йўналиш - тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласидир.
Бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилади.
«Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳокимларнинг эътиборини бир масалага қаратмоқчиман – мулк ҳуқуқига оид қарорларни улар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмайди», - деди Шавкат Мирзиёев.
Яъни, ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин бўлади.
Шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган яна бир амалиёт – тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйиш билан боғлиқ.
Мисол учун, ўтган 3 йилда терговчилар томонидан аниқланган зарардан икки баробар кўп мол-мулк хатланган (1,5 триллион сўм).
Энди, ҳар бир хатловнинг асосли экани суд томонидан кўриб чиқилади, қарорни фақат суд қабул қилади.
«Ўйлайманки, шундагина адолат бўлади», - деди давлатимиз раҳбари.






