Хитойнинг энг йирик хусусий арзон авиакомпанияларидан бири — Spring Airlines Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиши мумкин.
Бу масала Хитойда бўлиб ўтаётган ITB China халқаро туризм кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов ва авиакомпания раҳбарияти ўртасида муҳокама қилинган.
Маълум қилинишича, музокараларда асосий эътибор Ўзбекистон ва Хитой шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни ташкил этиш ҳамда янги йўналишларни очиш масалаларига қаратилган.
Томонлар авиақатновлар сонини ошириш орқали икки давлат ўртасида туристик алоқаларни кенгайтириш имкониятларини ҳам кўриб чиққан.
Шунингдек, учрашувда Хитой бозорида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини фаол тарғиб қилиш, қўшма маркетинг лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Spring Travel платформаси орқали Ўзбекистонни корпоратив мижозлар учун янги туристик йўналиш сифатида таклиф этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилган.
Маълумот ўрнида, 2004 йилда ташкил этилган Spring Airlines Хитойнинг биринчи хусусий лоукостерларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда компания 130 дан ортиқ Airbus A320 самолётига эга бўлиб, 190 дан зиёд ички ва 50 дан ортиқ халқаро йўналишларда парвозларни амалга оширади.
Таъкидланишича, авиакомпаниянинг Ўзбекистон бозорига кириши ҳаво қатновларини кенгайтириш, рақобатни кучайтириш ҳамда авиачипталар нархларининг арзонлашишига хизмат қилиши мумкин.






