АсосийJamiyat

Сирдарёлик тадбиркорларга 3,6 млрд сўмлик асоссиз ҳисобланган солиқ ва молиявий жарималар бекор қилинди

'Сирдарёлик тадбиркорларга 3,6 млрд сўмлик асоссиз ҳисобланган солиқ ва молиявий жарималар бекор қилинди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони Сирдарё вилояти ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларининг 320 та мурожаатлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Darakchi.uz га Бизнес-омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги бош инспектори Н.Намозов маълум қилди. 

Мурожаатларнинг салмоқли қисми ер ва бино ажратиш, кредитлаш, солиққа доир муносабатлар ва текширувлар қонунийлиги, инфратузилмани яхшилаш ҳамда етказилган зарар бўйича товон пулини ундириш билан боғлиқ бўлиб, 180 таси тўлиқ қаноатлантирилиб, 140 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Мурожаатлар асосида қўлланилган таъсир чоралари натижасида ноқонуний олиб қўйилган 425,2 га ер майдонлари қайтарилди, давлат органларидан 3,8 млрд сўмлик компенсация ва бошқа тўловлар ундирилиши белгиланди, 5,7 млрд сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилиши таъминланди, 3,6 млрд сўмлик асоссиз ҳисобланган солиқ ва молиявий жарималар бекор қилинди ҳамда 6,7 млрд сўмлик қўшилган қиймат солиғи қоплаб берилишига эришилди.

Тадбиркорлик субъектларининг манфаатларида 15 маротаба суд мажлисларида иштирок этилиб, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиган бўлса, уларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган назорат органларининг 66 нафар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштирилиб, 240 млн сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ўртасида қонунчиликдаги янгиликларни моҳиятини тушунтириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари борасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан 40 га яқин учрашувлар, семинарлар ва муҳокамалар олиб борилди ҳамда ушбу тадбирлар оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилди.

 

    Бошқа янгиликлар