Икки мамлакат вакиллари бу бўйича келишувга эришди.
Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги берган хабарга кўра, Минскда Ўзбекистон Республикаси ва Беларус Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Жамшид Ходжаев ва Беларус Республикаси Бош вазирининг ўринбосари ҳамраислик қилган.

Йиғилиш кун тартиби доирасида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, илмий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари кўриб чиқилгани айтилади.

Икки давлатраҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Беларусия ўртасидаги муносабатлар юқори ва барқарор ривожланиш динамикаси билан ажралиб туриши ва бу, ўз навбатида, устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиши таъкидланган.
Шунингдек, инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантиришнинг ижобий тенденциялари муҳокама қилинган.

"Саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш мақсадида шу йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Беларусия бизнес Кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказишга келишилди.
IT ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашилди. Белоруссияда 2023 йилнинг биринчи ярмида фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Беларусия-Ўзбекистон комиссиясининг 2-йиғилишини қатнашчиларнинг бевосита иштирокида ўтказиш, шунингдек, тасдиқланган қўшма Илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик дастурини ИТ, рақамлаштириш ва юқори технологиялар соҳасидаги янги ташаббус ва лойиҳалар билан бойитиш тўғрисида келишувга эришилди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликка, хусусан, таълим ва туризмни ривожлантириш соҳасидаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди. Беларусия фуқаролари учун «Оила учун туризм», «Қуёшли таътил», «Витаминли тур», «Ўқиш ва саёҳат» каби махсус туристик хизматларини ташкил этишга тайёрлик билдирилди. Беларусиялик ҳамкасблар жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ва 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган БМТ жаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида иштирок этишга таклиф қилинди. 2023-2026 йилларда Ўзбекистон ва Белоруссиянинг етакчи олий ўқув юртлари ўртасида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, Ўзбекистонда «Беларус киноси кунлари» ва Белоруссияда «Ўзбек киноси кунлари»ни ўтказишга келишиб олинди",-дейилади хабарда.






