АсосийЖамият

Президент Зангиотада қурилган маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш ягона марказига борди

Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилган «Электрон ҳукумат» тизими...

Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент вилояти Зангиота туманида қурилган «Электрон ҳукумат» тизими маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази билан танишди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «Рақамли Ўзбекистон—2030» стратегияси доирасида Ўзбекистонда илк бор катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази барпо этилган. Давлат раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирган.

Марказда Хитойнинг «Huawei» компанияси билан ҳамкорликда 20 пета байт хотирага эга тизим ташкил этилган. 580 та сервер, умумий электр қуввати 5 мегаваттли дизель генераторлар тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди. Бинони совутиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тармоқлари ҳам барча талабларга жавоб беради. Умуман, Маълумотлар маркази халқаро «Uptime» институти томонидан бериладиган TIER III сертификатига эга.

«Бу марказ рақамлаштиришнинг ‘юрагиʼ, ‘Eлектрон ҳукуматънинг замини», — дейди Президент.

Мазкур марказ ишга тушиши натижасида давлат идораларининг маълумотларни сақлаш ва техник қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган миллиардлаб ҳаражатлари тежалади, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланади. Энг асосийси, киберҳужумлардан ишончли ҳимоя таъминланади.

    Бошқа янгиликлар