Кеча, 28 август куни Қашқадарё вилояти маркази - Қарши шаҳрида байрам тантаналари бўлиб ўтди.


Тантанали тадбирни вилоят ҳокими Муротжон Азимов очиб берар экан, аввало воҳа аҳлини улуғ ва азиз байрам билан табриклаб, сўнгги йилларда ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва янги ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Жумладан, маълум қилинишича, биргина байрам арафасида 110 дан ортиқ Мустақиллик иншоатлари фойдаланишга топширилган бўлиб, шунинг 38 таси болалар боғчасини ташкил этади.
Қайд этилишича, Қашқадарёда 2022-2023 йилларга мўлжалланган, умумий қиймати 15 трлн. сўм бўлган 270 та саноат лойиҳаси дастури шакллантирилган. Тадбиркорликка яратилган қулай муҳит эвазига жорий йилда 5600 та кичик бизнес субъекти ташкил қилинди ва ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 70 фоизга етказилди.
"Куни кеча давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқотида таъкидлангани каби, “ишлайман”, “ўз салоҳиятимни намоён этаман”, деган ҳамюртимиз учун имкониятлар, шарт-шароитлар яратилиб, имтиёз ва қулайликлар кўлами кенгайтирилмоқда", - таъкидланди Азимов.
ЯНГИ ТУМАНГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР!
Қайд этилишича, давлат раҳбарининг алоҳида ғамхўрлиги эвазига жорий йилда вилоятга қўшимча йўналтириладиган 1,5 трлн. сўмдан зиёд маблағлар эвазига 2 минг 800 километр муҳандислик-коммуникация тармоқлари, 160 та ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирилди.
"Биргина, янги ташкил этилган Кўкдала тумани мисолида айтадиган бўлсак, ҳудудни ривожлантириш учун 3 йил ичида 2 трлн. сўм маблағ ажратилади. 159 километр йўл таъмирланиб, 50 километр ичимлик суви, 80 километр электр тармоқлари, 44 та бино-иншоот, 20 дан ортиқ мактабгача таълим маскани, 2 та мактаб, 18 та маҳалла биноси, кутубхона, спорт иншоотлари фойдаланишга топширилади", - деди ҳоким.
"Қамашилик спортчи қизимиз Турсунойга раҳмат"
Маълум қилинишича, жорий йилда Республика, халқаро Осиё ва Жаҳон чемпионат-ларида вилоятимиз ёш спортчилари иштирок этиб, 107 та олтин, 120 та кумуш, 150 та бронза медалини қўлга киритишди.
"Қамашилик спортчи қизимиз Турсуной Жабборованинг Ислом бирдамлик ўйинларида мутлақ ғалаба қозониши, бир эмас бир неча бор жаҳон чемпиони бўлиши биз учун юксак фахр, ифтихор!
Давлатимиз байроғини юқори ареналарда баланд кўтараётган спортчи ёшларимизни улкан ютуқлар билан табриклаб, уларнинг ота-онаси, устоз мураббийларига ўз миннатдорчилигимни билдираман", - деди вилоят раҳбари.

"Бирлашиб, Юртбошимиз ишончларини оқлаймиз"
Давлати раҳбари жорий йил апрель ойида вилоятга ташрифи чоғида фаоллар билан суҳбатда: “Қашқадарёнинг ери бой, тупроғи унумдор, одамлари меҳнаткаш. Фақат уларни бирлаштириб, елкадош бўлиб, ҳалол ишлаш керак. Одамлар бефарқ бўлмаса, Қашқадарёнинг қадамлари тезлашади”, деган эди.
"Албатта, маррани баланд олиш, кўзланган режаларни фидойилик билан амалга оширишда ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлиш, матонат ва жасорат билан танлаган йўлимиздан оғишмай меҳнат қилиш ватанпарварликнинг олий намунасидир", - деди Муротжон Азимов тадбир нутқида.

Қашқадарё вилояти бош байрами ўзбек санъатининг ёрқин намоёндалари чиқишлари билан кўтаринки руҳда давом этди.











