Мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган барча ютуқ ва марралар Ислом Каримов номи ва фаолияти билан боғлиқ. Биринчи Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритишдан тортиб, унинг тараққиёти, жаҳонда ўз ўрни ва сўзига эга давлатга айланиши йўлида юксак фидойилик кўрсатиб меҳнат қилди.
Унинг тенгсиз жасорати ва узоқни кўзлаб юритган доно сиёсати туфайли Ўзбекистон тарихан қисқа даврда изчил ривожланиш йўлини босиб ўтди, мамлакатимизни дунё таниди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳар йили Биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь кунини Хотира куни сифатида ёд этиш белгиланди.
Жорий йилда ҳам Ўзбекистонинг биринчи президентига бағишланган хотира ҳафталиги ўз ишини бошлади. Ушбу муносабат билан И.Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига давлат арбоблари, ички ишлар ходимлари, жамоатчилик вакиллари ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзандини хотирлаш учун йиғилди.

Маълумот учун:Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. У 1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 31 августда И.Каримов тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни, 78 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. У 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида дафн этилди.










