Ўзбекистонда 2022 йилнинг I ярим йиллиги учун Давлат бюджетининг даромадлари 92,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Бюджет даромадларининг ижроси бўйича дастлабки натижаларига кўра, кўрсаткич 2021 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан 17,8 триллион сўм (+23,7 фоиз) кўп бўлган. Солиқ тушумлари 71 триллион сўмни ёки даромадлар умумий ҳажмининг 76,7 фоизни ташкил этди. Божхона тушумлари 21,5 триллион сўмни ёки умумий ҳажмининг 23,2 фоизни ташкил этган.

Инфографика: Молия вазирлиги ахборот хизмати
Давлат буджети даромадларининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2022 йилнинг I ярим йиллигида 24,5 фоизни ташкил этган ва 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 1 фоиз пунктга ошди. ЯИМга нисбатан улушнинг ошиши асосан билвосита солиқлардан даромадлар ва солиқ бўлмаган тушумларнинг ўсиши билан изоҳланади.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни муҳокама этилганди. Mазкур қонун билан 2022 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг прогнозлари ҳамда 2023–2024 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган.
Қайд этилишича, давлат бюджетидан ижтимоий соҳага, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 46,9 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатларига 22,8 триллион сўм, маданият ва спорт соҳаси харажатларига 3,4 триллион сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,5 триллион сўм йўналтириш белгиланган.






