2022 йил 21 июль куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, унинг оқибатида 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси вафот этди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, барча ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида комплекс текшириш ишлари бошланган. Текширув давомида ушбу ташкилот ходимлари касбий фаолияти жараёнида қўпол қоидабузарликларга йўл қўйгани аниқланган. Улар болалар боғча ҳудудидан рухсатсиз чиқиб кетишига бепарво қараган.
Бахтсиз ҳодиса содир бўлган кун соат тахминан 08:30 ларда тарбияланувчини катта опаси 23-сонли ДМТТ тарбияловчилари ихтиёрига олиб келган. Орадан маълум вақт ўтгач, мазкур мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ва раҳбари бепарво, лоқайд муносабати оқибатида тарбияланувчи МТТ ҳудудидан рухсатсиз чиқиб, опаси орқасидан югурган. Ҳаракат оқибатида бахтсиз тасодиф билан сирпаниб, уйи яқинидан оқиб ўтувчи Собиржон дарёсига йиқилиб тушган ва натижада чўкиб кетган.
Мактабгача таълим вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган текшириш жараёнида бола боғча ҳудудидан бир неча бор рухсатсиз чиқиб кетгани, бироқ боғча ходимлари буни юқори идоралардан яшириб, бундан ҳеч қандай хулоса чиқармагани маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, ташкилот педагоглари ва раҳбари эҳтиётсизлиги ҳамда лоқайд муносабати бола ўлимига сабаб бўлгани, ушбу мактабгача таълим муассасаси раҳбари фаолиятини ташкил этишда бир қатор бошқа ҳуқуқбузарликлар аниқланган ва барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушбу мактабгача таълим ташкилоти барча мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан ЖК 167-модда 2-қисми “г” банди ва 116-модда 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.