Маълумки, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва баъзи нашрлар саҳифаларида китобхонлар номидан кутубхоналар фаолиятига доир саволлар кўп учрамоқда. Китобхонлар фикр-мулоҳазалари таҳлилидан келиб чиқиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси "Китоб ва мутолаа" ҳафталиги доирасида ушбу масалада оммавий ахборот воситалари вакиллари билан "Китоб. Кутубхона. Китобхон" мавзусида очиқ мулоқот ташкил этди.


Мулоқот доирасида йиғилганларга кутубхонанинг китобхонларга тақдим этаётган хизматлари, унинг фондлари, китобларни сақлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, кутубхона нашриёти фаолиятига доир бошқа масалалар бўйича атрофлича маълумот берилди.
Суҳбат иштирокчилари кутубхонага ташриф буюрувчиларнинг кириш-чиқишдаги назорат, чекловлар ва тартиб қоидаларига доир мавзуларда ҳам саволлар билан мурожаат этдилар. Уларга ташриф буюрувчиларнинг текширилиши мақсади, бу назоратларнинг фойдаланувчилар хавфсизлиги ва китоблар сақланиши қоидалари талабларига мослиги айтиб ўтилди.

Миллий кутубхона раҳбарияти бу каби учрашувларни мунтазам ташкил этиб, кутубхона фойдаланувчиларига хизмат кўрсатишда юзага келадиган баъзи муаммоларни ҳал этишда, кутубхона фаолияти ва фойдаланувчилар билан ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатиш борасида янги марраларни белгилаб олди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳақида маълумот:
Кутубхона 1870 йил май ойида оммавий кутубхона сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда Миллий кутубхонанинг умумий фонди 7 579 233, шундан босма нашрлар 6 877 484, электрон ресурслар 701 749 ташкил этади.
Ойбек Шукуров






