АОКАда ташкил этилган Олий ва ўрта махсус таълим вазири иштирокидаги матбуот анжуманида вазир Тошқулов минимал баллни ҳам тўплай олмаётган абитуриентларнинг "супер-контракт" билан ўқишга қабул қилинаётганлиги қанчалик тўғрилиги ҳақидаги саволга жавоб берган. Хусусан бу тизимни тиббиёт олийгоҳлари учун қўллаш қанчалик ўринли, деган муҳокамаларга ҳам изоҳ берди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" журналисти.
“... ОТМда, хусусан, тиббий олий таълим муассасаларида ўқиш кундан кунга қийинлашиб боряпти. Талаблар ортяпти. Хорижий таълим дастурларидан фойдаланиляпти. Ўқув режалар, ўқув дастурлар, кредит-модул...
Сиз айтган билимдаги бола супер-контрактни тўлаши мумкин, лекин битиролмайди. Шунинг учун мен бугун ота-оналарга мурожаат қилдимки, болангиз эртага ўқиб кета олишига ишонсангиз, супер-контракт тўланг. Кредит модулда аввалгидай телефон қилиб, таниш-билиш қилиб болангизни курсдан курсга ўткизолмайсиз.
Мен сизга тўғрисини айтаман, мен вазирман, менга илтимос бўлса мен аралашмаяпман ҳам, аралашсам ҳам бир иш чиқмаслигига аминман. Кредит-модул тизими бўйича платформа билан ишлаяпти, бу ҳам аста-аста худди мана контрактга ўхшаб техниканинг қўлига бериляпти.
Бу жараёнларга бизга бир йил муддат беринглар. Таълим сифати бўйича. Мана бу йил бизга хос бўлмаган бутун ишларни муҳтарам президентимиз биздан олдиртириб бердилар, мана бу йил фақат сифат ва сифатга ишланади. Натижалар бўлади. Эшитасиз ҳали, неча фоиз талаба битиролмади, шундан неча фоизи супер-контракт”, – деди Олий таълим вазири.






