Катта шов-шув ва норозиликларга сабаб бўлган мактаб дарсликлари мавзузи яна эътибор марказида. Бу борада шу кунгача ижтимоий тармоқларда ҳамма турлича фикрлар билдириб келмоқда. Хўш, мамлакат эртаси бўлган болажонлар учун яратилган янги дарсликлар уларнинг таълим олишида қанчалик самарали? Уларда чиндан ҳам хатоликлар кузатиладими? Агар ундай бўлса, нима сабабдан чоп этилди? Умуман олганда, яратилган янги дарсликларнинг аввалгисидан қандай фарқи бор ва у ўқувчига нима бера олади?
Қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Darakchi.uz' ўрганиш ишларини олиб борди.
Даставвал Тошкент марказида жойлашган мактабларнинг бирида бўлиб, ўқитувчи ва ота-оналар фикрларига қулоқ тутдик.
"Биз ҳозирда 1-2- синф дарсликларидан фойдаланяпмиз. Ҳали ота-оналар томонидан ҳеч қандай шикоятлар тушмади. Ҳеч қандай хатоликлар аниқланмади. 2022-2023 ўқув йили учун 1-2- 3-синф дарсликлари ишлаб чиқилди. Энди ишлаш жараёнида хато-камчиликлар бўлса, аниқлаб, керакли тавсиялар ва ота-оналар томонидан бериладиган таклифларни ҳам таълим марказига етказишга ҳаракат қиламиз", – дейди ўқитувчи.
Уларнинг маълум қилишича, янги тарқатилган дарсликларда бир қанча ўзгаришлар кузатилиб, ўқувчи ва ота-оналарга қулайликлар яратилган.
"Иш фаолиятимни 19291 йилдан бошлаганман. Авваллари 1-2-синфда "Атрофимиздаги олам" фани ўрганиларди. 3-4 синфларда эса "Табиатшунослик" фани ўқитиларди. "Атрофимиздаги олам" ўрнига янги ташкил этилган мазкур фан жуда бир қизиқарли фан бўлдики, энди болалар кўпроқ нарсалар олишяпти", – дейди яна бир муаллима ўқув жараёнларига янгича руҳ берган дарсликлар бўйича.
Мактаб ҳудуди бўйлаб ҳаракатланар эканмиз, ўриндиқда фарзандларини дарсдан чиқишини кутаётган ота-оналарга кўзимиз тушди ва уларни суҳбатга тортдик.
"Янги китобларни қўлимизга олиб, вароқлаб чиқдик. Уларда ҳаммаси тўлиқ, ўша ўзимизнинг тилимизда — ўзбекчада, тушунарли чиқарилган", – дейди улардан бири.
Жараёнда гувоҳи бўлдикки, нафақат ота-оналар, балки ёши улуғ бувижонлар ҳам ўз набираси билан ушбу дарсликлар ёрдамида бемалол шуғулланиши мумкин. Асосийси китоблар болаларни зериктириб қўймайди ва уларнинг ёшига мос.
"Китобларимиздан ўрганганларимизни тажриба орқали синаб кўрдик. Шахсан ўзим китобда берилган қизиқарли топшириқлар асосида набирам билан тажриба ўтказиб кўрдим. Жуда таассуроти яхши бўлди", – дейди онахон.
Шуниси аёнки, "Миллий ўқув дастури" асосида барча мактаб дарсликлари бир эмас, бир қанча мутахассислар иштирокида яратилади ва бу жараён 2020 йилда бошланган. Улар ўз ўқувчиларига етиб боргунига қадар қанча чиғириқдан ўтган...
Бироқ ижтимоий тармоқлар бўйлаб тарқалган хатоликлар ҳақидаги ўйлар бизни барибир тинч қўймади.
Хусусан айрим телеграм каналларида 10-синф биология дарслиги ва бошқа бир қанча китобларнинг номутаносиб равишда келтирилган жумлалар, хатоликлар эълон қилинганди.

Бир қанча сўроқли саволлар билан Республика таълим марказига йўл олдик ва айни дарслик муаллифлари билан учрашдик.
Мамура Умаралиева,
Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, 7-10 синф биология дарсликлари муаллифи:
— Ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган маълумотлар дарсликнинг яратилиш давридаги ишчи вариантнинг кўриниши. У ердаги рус тилидаги ёзув ёки расмлар тахминан қўйилган эди. Рассомлар учун таклиф қилинган бир вариантлар эди. Бу суратларнинг барчаси ўзимизга мос қилиб, қайта ишлаб чиқилган. Ҳозирги сўнгги, оригинал вариантда бундай камчиликлар йўқ.
Фармацевтика институти академик лицейи биология фани ўқитувчиси сўзида давом этаркан, дастурга киритилган мавзулар ўқувчиларга биолог бўлиш учун эмас, ҳаётий сабоқларни беришда ёрдам беришини айтади.
"Мактабда ўқиётган ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам келажакда биология билан боғлиқ касбни эгалламайди. Бу китобга киритилган мавзулар кейинчалик ушбу соҳадан кетадиган ўқувчилар учун яратилган эмас, ҳамма учун зарур бўладиган, ҳаётда керак бўладиган билимларни беришга қаратилган улар", — дейди муаллиф.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, биргина дарслик бўйича 8 кишидан иборат мутахассислар жамоаси иш олиб боради.
Хусусан, мазкур жамоанинг аъзоси бўлган ТДПУ доценти Учқун Рахматов ушбу китоблардаги энг муҳим жиҳатларни санаб ўтди.
"7-10-синф дарсликлари бўйича ишчи гуруҳда фаолият олиб боряпман. Эътибор беринг, дасрсликларимизнинг боши хавсизлик қоидалари билан бошланади. Энг муҳими ҳар бир мавзу мазмуни тушунарли бўлиши учун айнан суратлар билан самарали ишланган бўлиб, бунда Республика таълим маркази, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасадди ходимлари ҳамда хорижий экспертлар томонидан кўриб чиқилган ва таҳрирдан ўтказилган. Шу ерда таъкидлашимиз керакки, бу ерда расмларнинг ўзи фан асосларининг мазмунини ёритишга хизмат қилади", — дейди педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PHD).
Эслатиб ўтамиз, сал аввал мактаб дарсликлари борасида тарқалаётган хабарлардан сўнг уларнинг муаллифлари президентга мурожаат йўллашди. Улар ҳалол рақобатдан қўрқмасликларини айтиб, дарслик яратиш истагида бўлганларни "даврага чорлашганди".






