1

Италия ОАВларида ШҲТ Самарқанд саммитининг мақсадлари маълум қилинди

ДУНЁ 12.09.2022, 13:03
Италия ОАВларида ШҲТ Самарқанд саммитининг мақсадлари маълум қилинди

Италиянинг «Askanews» етакчи янгиликлар агентлиги Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носировнинг олдинда турган ШҲТ Самарқанд саммитига доир мақоласини ўз ўқувчилари ўртасида тарқатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада Ўзбекистон томонидан ташкилот доирасида илгари сурилган ташаббусларнинг мақсад ва моҳияти, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги якунлари ҳамда бўлажак саммитдан кутилаётган ўзгаришлар очиб берилган.

“Шубҳасиз, Самарқанд саммитининг асосий мақсадларидан бири ШҲТ оиласини янада кенгайтириш масаласидир. Давлат раҳбарлари кенгаши доирасида ШҲТга аъзолик мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутилаяпти. Бу ўтган йили Эронни тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш тартибини бошлаш тўғрисидаги қарорни амалга оширишда муҳим босқич бўлади”, дея мақоладан иқтибос келтиради манба.

Шунингдек, мақолада ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлари аъзолигини кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши, саммитда ШҲТ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилгани ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.

“Яна бир қабул қилишга тайёрланаётган муҳим ҳужжат бу – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлари ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича Кенг қамровли режадир. Ушбу стратегик аҳамиятга эга ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган”, деб ёзади «Askanews».

Юқоридагилар билан бирга, мазкур Режа лойиҳаси ташкилот доирасида барча соҳалар бўйича амалга оширилаётган ҳамкорлик йўналишларини жалб қилган ва ҳозирги кунда 120 га яқин тадбирларни ўз ичига олгани, айниқса, асосий урғу савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга каратилгани алоҳида таъкидланган.

 “Масалан, инвестициялар, энергетика, транспорт, логистика, саноат кооперацияси, ахборот ва телекоммуникациялар, қишлоқ хўжжалиги, божхона ва бошқа соҳалардаги шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ тадбирлар ва уларнинг бажарилишига масъул идоралар белгиланган”, деб ёзади янгиликлар агентлиги.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1