Сенатнинг 32-ялпи мажлисида Навоий ва Самарқанд вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама этилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, мазкур ҳудудларда иш ўринлари тўғрисидаги умумий ҳисоботни шакллантиришда такрорланувчи рақамларни чегириб ташлаш, солиқ органи ва Ягона миллий меҳнат тизими электрон маълумотлари базасига мувофиқлигини таъминлаш ишлари охирига етказилмаган.
Жумладан, Самарқанд вилоятида туризм йўналишида якка тартибда тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ҳисобига яратилган 5,2 минг иш ўрни бир вақтнинг ўзида тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида яратилган иш ўринларида ҳам такрор қайд этилган.
Хизматлар соҳасида иш ўринлари яратиш кўрсаткичлари асосан ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига бажарилган бўлиб, янги объектларни ташкил этиш ҳисобига яратилган иш ўринлари Самарқанд вилоятида атиги 24,8 %ни, Навоий вилоятида эса 20,3 %ни ташкил қилган.
Янги иш ўринлари яратилган айрим тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтганига бир-икки ой бўлишига қарамай, фаолиятини тўхтатиб қўйганлиги қайд этилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.






