1

"Ўзбекфильм"да Бутунроссия давлат кинематография институти Тошкент филиалининг талабаларига бағишланган кеча ўтказилди

МАДАНИЯТ 14.09.2022, 13:47
"Ўзбекфильм"да Бутунроссия давлат кинематография институти Тошкент филиалининг талабаларига бағишланган кеча ўтказилди

"Ўзбекфильм" очиқ павильонида “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивалининг бошланиши арафасида БДКИ Тошкент филиалининг гала-концерти ҳамда Сергей Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти талабаларига бағишлов кечаси бўлиб ўтди.

Маросим вокал ва рақс жамоаларининг чиқишлари ва ёруғлик шоуси билан бошланди. Кейин сўзга чиққанлар ўз табрикларини йўллашди.

Меҳмонлар ва талабалар олдида биринчи бўлиб Россия Федерацияси Маданият вазирлигининг Кинематография бошқармаси бошлиғи Дмитрий Давиденко сўзга чиқди.

“25 йил олдин мен БДКИнинг киношунослик факультетини тугатганман, лекин бугун БДКИда ўқиётган ва ўқийдиган талабаларга ҳавасим келади. Чунки уларни ҳам халқаро, ҳам ижодий жиҳатдан баркамол келажак кутиб турибди. Мен уларга ижодий муваффақиятлар тилайман ва доимо ҳалол бўлишларини сўраб қоламан. БДКИ ректори Владимир Сергеевич Малишевга эса алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман,” - деди Давиденко.

Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам тадбир меҳмонларини қутлади.

– Ўқув йили бошланишига тўғри келган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланган “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали арафасида ўтказиладиган ушбу байрам билан барчани табриклаш мен учун катта шараф, катта бахт. Шунингдек, унинг ташаббуси билан Тошкентда БДКИ филиали очилди - бу буюк университетнинг дунёдаги ягона хорижий филиали бўлиб, бунда жуда кўп сонли киноижодкорлар етишиб чиқмоқда. Бу ерда бўлган барча ёшлар, албатта, ўз киноларини яратадилар, улар ёшларнинг қалбига яқин бўлади, биз уларни албатта қўллаб-қувватлаймиз. Чунки Ўзбекистон - ёшлар мамлакати. Мамлакатимизда аҳолининг 65 фоизини ёшлар ташкил этади. Дўстлар, омад!” – деди Фирдавс Абдухолиқов.

Эслатиб ўтамиз, “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали жорий йилнинг 13-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 40 та давлатидан, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этмоқда. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1