15 сентябрь куни машҳур техноблогерлардан бири WYLSACOM Тошкентга келди ва Оҳангарондаги "Artel TV" корхонасидан стриминг кўрсатув ўтказди. WYLSACOM мутахассислар билан биргаликда томошабинларга Марказий Осиёдаги энг йирик маиший техника ва электроника ишлаб чиқарувчи компаниядан корхонадаги шароит-у, ишлаб чиқариш жараёнларини жонли эфир орқали аниқ ва равшан намойиш этди.

Жонли эфир “ВКонтакте” ижтимоий тармоғидаги “М.Видео” расмий саҳифасидан эфирга узатилди ва атиги бир соатлик шарҳ давомида 1 000 000 дан ортиқ кўрилди.
Таниқли блоггер компаниянинг ишлаб чиқариш ва технологиялар бўйича менежери ва бренд раҳбари ҳамроҳлигида томошабинларга ишлаб чиқаришнинг дастлабки босқичидан то маҳсулотнинг тайёр ҳолга келгунича бўлган жараёнигача эфирда намойиш этди. Жонли эфир вақтида томошабинлар хавфсиз транспорт, иқлим камераси, тозалаш босқичлари ва йиғиш жараёнлари учун синовларни кузатиш имкониятига эга бўлди. Қолаверса, экскурсия якунида томошабинлар ва стриминг фаол иштирокчилари ўртасида "Artel" телевизори соврин сифатида ўйналди.

Россиянинг электрон тижорат, электроника ва маиший техника чакана савдоси соҳасидаги етакчи компанияси М.Видео-Элдорадо Гроуп дўконларида маҳаллий Artel бренди остидаги маҳсулотларнинг кенг ассортименти аллақачон мавжуд. Бу M.Video-Eldorado Group компанияси ва Artel маҳсулотларини Россия Федерациясига импорт қилувчилардан бири ўртасида эришилган келишув самарасидир.
M.Video-Eldorado кўп миллионли аудиторияга эга онлайн платформани, шунингдек, М.Видео бренди остидаги 601 дўконни, Россиянинг 369 шаҳрида Eldorado бренди остидаги 647 дўконни бирлаштиради. Шуни таъкидлаш керакки, товарларни онлайн тарзда тўғридан-тўғри веб-сайтда ва M.Video мобил иловасида харид қилиш мумкин.
"Artel" брендининг шиори “Ишончли ва баракали”дир. Дастур якунида эса, WYLSACOM техноблогери "Artel" маҳсулотларини “Замон ва технологик жиҳатдан илғор” дея эътироф этди.







