Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида ИИО ходимлари аёл кишини уйидан мажбурий олиб чиқиб, машинада олиб кетгани ҳақида хабар ва ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Тошкент ИИББ матбуот хизматининг ҳолат юзасидан маълумот беришича, 10 август куни Н.Б. ва З.А. Шайхонтоҳур тумани Жанггоҳ мавзесида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзаро жанжаллашиб, жамоат тартибини бузган. Текширув жараёнида фуқаро Н.Б. чақирилган вақтда ички ишлар органлари ходимининг ИИБга кўрсатилган муддатда келиш тўғрисидаги қонуний талабларини бажармаган.
Ушбу фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилган. Бироқ Н.Б. бир неча маротаба суд томонидан чақиртирилган бўлишига қарамасдан, сабабсиз суд мажлисига келмагани сабабли уни мажбурий келтириш қарори чиқарилган.
9 сентябрь куни фуқаро Н.Б. ИИО ходимлари томонидан мажбурий тартибда судга олиб кетилаётгани ҳолати видеода акс этган.






