1

“Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди

МАДАНИЯТ 18.09.2022, 19:04
“Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида давра суҳбати бўлиб ўтди

Айни пайтда "Киночилар уйи"да “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида “Бугунги кундаги дунё мамлакатларининг кинематография соҳасидаги қонунчилигини муҳокама қилиш. Кино ишлаб чиқариш ва кинопрокатни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати маълум қилди.

Унда Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов табрик сўзи билан чиқди. У Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кинематография соҳасини қўллаб-қувватлаётгани ва Ўзбекистонда кино саноатини ривожлантиришга йўналтирилаётган давлат сармоялари ҳақида сўзлади:

“Ҳозирги кунда фильмлар суратга олиш ишларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағлар миқдори қарийб 10 баробарга ошди, дастлабки 30 йилда 21 та фильм суратга олинган бўлса, кейинги 4 йилда бу кўрсаткич 30 дан ортди.

Шунингдек, биз БДКИнинг хориждаги биринчи янги филиалини ва ҳозирда кўплаб талабаларга эга бўлган дунёга машҳур «Герасим» студиясини яратдик. Бундан ташқари, пойтахтимизда 60 тагача кинотеатр фаолият кўрсатмоқда.

Ўтган ҳафтада Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларда, шунингдек, Хоразм вилоятида кинотеатрларда прокат ташкил этиш бўйича корхоналар ташкил этилди. Ускуналар ҳам сотиб олинди ва кинокластерлар яратилди.

Кинотеатрлар кўп одамларга хизмат қилади. Сўнгги пайтларда кинолойиҳалар яратишга катта эътибор қаратяпмиз. Айни пайтда биз Россия, Қозоғистон, Беларус ва турли давлатларнинг бошқа киностудиялари билан ҳамкорликда кинолойиҳалар устида ишлаяпмиз”, — дея таъкидлади Фирдавс Абдухолиқов.

Тадбир иштирокчилари кино ишлаб чиқариш ва прокатни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасидаги халқаро тажрибалари билан ҳам ўртоқлашмоқда. Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Исроил, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Қувайт, Мексика, Мўғулистон, Россия, Тожикистон, Эстония, Жанубий Корея каби давлатлар вакиллари сўзга чиқишган.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1