1

Ҳиндистон Бош вазири “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетига китоблар тўпламини совға қилди

МАДАНИЯТ 19.09.2022, 23:48
Ҳиндистон Бош вазири “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетига китоблар тўпламини совға қилди

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни ШҲТ саммити доирасида Ҳиндистон делегацияси “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетига ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

 Ташриф давомида делегация ОТМ фаолияти билан танишди, шунингдек, университет кутубхонасига Ҳиндистон Бош вазири номидан сиёсат, иқтисодиёт, туризм, маданият, тарих, меъморчилик ва бошқа соҳадаги мамлакатнинг турли жиҳатларини қамраб олувчи Ҳиндистон ҳақидаги 200 дан ортиқ китобларни тақдим этди.


Қайд этиш жоиз, китобларнинг тақдим этилиши маданий дипломатияни ривожлантиришга ёрқин мисол бўлиб хизмат қилади, шунингдек, таълим ва туризм соҳасида ўзбек-ҳинд муносабатларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади.


Ҳозирда университет кутубхонасида маданий меросни сақлаб қолиш учун китобларнинг ноёб тўплами йиғилган. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири ва “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ректори Азиз Абдуҳакимов бошчилигида кутубхонага қисқа муддат ичида туризм, санъат, тарих, археология, этнология, геосиёсат, иқтисодиёт, маданиятшунослик, диншунослик, рассомлик, ҳайкалтарошлик, меъморчилик, маданий мерос каби йўналишлар бўйича дунёнинг турли бурчакларида босиб чиқарилган 20 мингга яқин китоблар етказилди. Шунингдек, университет кутубхонасида 100 мингдан ортиқ китоблар электрон кўринишда тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети Президент Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ давлатлари раҳбарларининг Синдао шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишидаги ташаббуси билан очилган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1