АсосийDunyo

"Дунё фақат бешта давлатдан иборат эмас!" Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни Россия ва Украинага инқироздан тўғри чиқиш йўлини кўрсатишга чақирди

'"Дунё фақат бешта давлатдан иборат эмас!" Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни Россия ва Украинага инқироздан тўғри чиқиш йўлини кўрсатишга чақирди'ning rasmi

Украинадаги можаронинг бошиданоқ Туркия “урушда ғолиб бўлмайди, фақат тинчлик барчага мағлубиятдан қочиш имконини беради” деган тамойилга амал қилган. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон БМТ Бош ассамблеяси 77-сессиясининг умумий сиёсий муҳокамаси чоғида сўзлаган нутқида айтиб ўтди. 

У ўз мамлакатининг муваффақиятли воситачилик саъй-ҳаракатларини эслаб, уларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, турк дипломатияси ва БМТнинг сўнгги пайтларда эришган асосий муваффақияти Қора денгиз дон ташаббуси бўйича келишув имзоланишини таъминлаган Истанбул меморандумидир. “Ушбу ютуқ туфайли жаҳон ҳамжамиятининг ёрдамига таянадиган одамларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ишончи мустаҳкамланди”, деди Туркия раҳбари.

У бу муваффақият дипломатия самарадорлигини яна бир бор исботлаганини таъкидлаб, "Запороже атом" электр станцияси атрофидаги инқирозни ҳал қилишда, умуман олганда, “ҳудудий яхлитлик тамойили асосида урушни тугатиш учун худди шундай формуладан фойдаланишни таклиф қилди.

“Халқаро ташкилотлар ва барча давлатлардан Туркияга узоқ муддатли тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларида самимий қўллаб-қувватлашни сўрайман”, - дея қўшимча қилди Эрдўған. "Биз иккала томонга вазиятдан муносиб чиқиб кетиш имкониятини берадиган оқилона, ​​адолатли ва ҳаётий дипломатик ечим топиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак."

“Дунё фақат бешта давлатдан (БМТнинг доимий аъзоларидан) иборат эмаслигини тиним билмай эслатишда давом этамиз”, — деди Туркия раҳбари ва халқаро ҳамжамиятни бу позицияни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Эрдўғон ўз нутқида сайёрамиздаги бошқа можароларга тўхталиб, Бош Ассамблея аъзоларини унинг мамлакати тинчлик тарафдори ва бошқа давлатларга бу мақсадга эришишда ёрдам беришга тайёр эканига ишонтирди. Хусусан, Туркиянинг кўмаги ва халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами Сурия шимоли-ғарбидаги тўрт миллион тинч аҳолининг омон қолишига ёрдам беришини айтди.

Эрдўғон Жанубий Кавказдаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. “Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларини озод қилиши Жанубий Кавказда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун тарихий ойна очади”, - деди Туркия раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Туркия бу имкониятдан унумли фойдаланишга интилади ва “Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кечаётган жараёнларни” қўллаб-қувватлайди. У “чегарадаги сўнгги тўқнашувлар бу ижобий муҳитни бузганини” таъкидлади, аммо Арманистон ва Озарбайжон ўртасида кенг қамровли тинчлик келишуви ҳали ҳам мумкинлигига умид билдирди.

    Бошқа янгиликлар