Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси ватандошларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантиради.
Элчихонанинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бекор қилинади.
Шу муносабат билан, дипломатик ваколатхона Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра "ёлланиш" - хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик ўн йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтади.
Элчихона Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини огоҳлантиради. Элчихона юртдошларимизни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга чақиради.