Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Янгийўл, Олмалиқ, Оҳангарон, Ангрен ва Бекобод шаҳарларига пойтахтдан электропоездлар қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда айни пайтда Нурафшон шаҳрида давом этаётган навбатдан ташқари сессияда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири.
"Мазкур ҳудудлар аҳолиси учун шароит яратиш пайти келди. Тошкент вилояти аҳолисининг фарзандлари, набиралари Тошкентда ўқийди. Уларнинг йўлини арзон, хавфсиз ва қулай қилмасак бўлмайди. Халқ ўзгаришларни сезиши керак. Маҳкамов (изоҳ — транспорт вазири), 1 ой ичида тегишли қарор лойиҳасини олиб кирасан. Ўзинг тепасида турасан", - деди давлат раҳбари.
Шунингдек, ички йўлларни таъмирлашга давлат бюджетидан 155 миллиард сўм, қўшимча маҳаллий бюджетдан 70 миллиард сўм ажратиш топширилди.
Бунга жавобан транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳозирда электропоездлар ҳарид қилиш жараёнлари кетаётганлиги ҳақида президентга ҳисобот берди.