Тошкентда тезликни 60 км/соатгача пасайтириш таклифи депутатлар томонидан рад этилгани ростми?

ЖАМИЯТ 24.09.2022, 19:00
Тошкентда тезликни 60 км/соатгача пасайтириш таклифи депутатлар томонидан рад этилгани ростми?

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида белгиланган тезликни 10 км/соатга пасайтириш, яъни 60 км/соат қилиб белгилаш тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ таклифи пойтахтлик депутатлар томонидан рад этилгани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Ҳолатга халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши расмий муносабат билдирди.
Келтирилишича, пойтахтлик депутатлар томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБнинг шаҳарнинг айрим кўчаларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракатланиш тезлигини соатига 60 километргача камайтириш тўғрисидаги таклифи кўриб чиқилган.

Депутатлар киритилган таклифни муҳокама қилиш жараёнида алоқадор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш зарурлиги, бунда Тошкент шаҳар кўча ва йўл тармоғи, аҳолининг ҳаракатланиш оқимлари йўналишларини ва шу каби бир қатор омилларни ҳисобга олиш зарурлигини билдирган.

"Мазкур таклиф рад этилмаган бўлиб, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига қайта киритиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълум қилинади", дейилади расмий муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев  феврал ойида Самарқанд шаҳрига қилган ташрифида айрим гавжум кўчаларда ҳозирги  тезликни 70 км/соатдан 60 км/соатгача тушириш зарурати борлиги кўрсатиб қўйганди. "Яқинда Тошкентда тезлик кўпи билан 60 км/соатгача белгилангани ҳақида қарор чиқади", — деган эди шунда давлат раҳбари.

Президент пойтахт ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини илмий асосланиб белгилаш лозимлиги қайд этганди.

Умуман олганда ривожланган мамлакатларнинг мегаполисларида 60 км/соат узоқ вақтдан бери қабул қилиб бўлмайдиган тезлик бўлиб келган, чунки бу пиёдалар учун ҳам ҳавфли саналади. Жаҳоннинг кўплаб шаҳарларида тезлик 40-50 км/соат қилиб белгиланган. Масалан, Олмаота шаҳрида 2025-йилдан бошлаб транспорт ҳаракати тартибга солинадиган шаҳарнинг асосий кўчаларида, шунингдек, маҳаллий ва вилоят аҳамиятидаги кўчаларда тезликни 30-50 км/соатгача чекловчи ҳужжат тасдиқланди.

Маълумот учун, бугунги кун учун рухсат этилган максимал тезлик Парижда - 30 км/соат, Лондонда - 20 мил/соат (32 км/соат), баъзи йўлларда 30 мил/соат (48 км/соат), Ню-Ёркда - соатига 25 мил (40 км/соат), Россияда 50 км/соат (айрим кўчаларда 30 км/соат) этиб белгиланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+8.97° tumanli
Валюта курси
11212.97
USD -17.4
11622.24
EUR -110.13
183.62
RUB -1.2
1