Авваллари фарзандларини бошқа қишлоқдаги боғчаларга олиб бориб, сарсон бўлган қишлоқ аҳолисининг энди ўз ҳудудида 100 ўринли замонавий мактабгача таълим ташкилоти бор.
Маълум қиилинишича, Андижон вилоятидаги Халқ қабулхоналари ва секторлар ўрганишларидан сўнг вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволи нисбатан оғир бўлган 72 та қишлоқ-маҳаллада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шундан 27 та ҳудуддаги қурилиш-таъмирлаш ишлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бажариляпти.
Бирлик маҳалласидаги тупроқ кўчалар бетон қопламали йўлга айлантирилмоқда. Ҳозирда 5 та кўчадаги қарийб 1,4 км. бетон йўл қуриш ишлари якунланган. Бундан ташқари, 3,5 км. йўлга тош-шағал тўшалди, 2 км. кўча асфальтланган. Текис-равон кўчалар четларида пиёдалар йўлаклари барпо қилиниб, кўчатлар экилмоқда.
Бу жараёнда маҳалла аҳлининг энг катта муаммоси бўлган 5 км.лик ичимлик суви қувурлари янгиланиб, битта сув минораси қурилган Электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш учун 100 дан ортиқ симёғочлар бетон таянчларга, 4,5 км. эскирган электр тармоқлари замонавийсига алмаштириб берилган.
Уйма-уй ўрганишлар натижасида “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз инсонлар бандлигини таъминлаш учун яқинда мана бу тикувчилик корхонаси иш бошлаши билан маҳалладаги 30 га яқин хотин-қизлар шу ерда ишли бўлишгаН. Айни пайтда улар тайёрлаётган маҳсулотлар ички бозорга чиқарилётгани айтилмоқда.
Шу жумладан, “Садда таги” маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этилганига салкам ярим аср бўлган эса-да, Андижон шаҳрининг шундоқ биқинидаги бу маҳалланинг бирор кўчаси асфальтсиз бўлган.
Бу йил маҳалладаги барча тупроқ кўчалар аввал тош-шағалли йўлга айлантирилди. Сўнг унинг 20 км. қисмига бетон қопланди.

Йўллар четлари яшил ҳудудга айлантирилиб, йўлаклар, велойўлаклар ташкил этишди. Кўчаларга замонавий тежамкор ёриткичлар ўрнатилганини айтиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Қайдларга кўра, “Садда таги” маҳалласида ичимлик суви ва электр таъминотида ҳам муаммолар бор эди. Жорий йил аввалида бу борадаги муаммолар таҳлил қилингач, 2 та трансформатор, 291 та бетон таянч ўрнатилиб, 7.3 км. электр тармоғи янгиланган. Ҳар бир хонадон учун 11.9 км. сув тармоғи тортилди.
Алоҳида таъкидлаш лозим, жорий йилда Андижон вилоятидаги иқтисодий-ижтимоий аҳволи нисбатан оғир 72 та қишлоқ-маҳалладаги 44,6 км. йўлга тош-шағал, 30,4 км. йўлга асфальт, 33 км. бетон қопламаси ётқизилди,221 км. ичимлик суви тармоғи тортилди, 55 дона ичимлик суви иншооти қурилди-таъмирланди, 42 та трансформатор янгиланди, 125 км. электр тармоғи тортилиб, 38 мингта симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди.





