Адлия вазирлиги ўз фаолиятига халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида “SMS SYSTEMS” консалтинг компанияси билан биргаликда ахборот хавфсизлиги менежмент тизимини ISO/IEC 27001:2013 халқаро стандарти талаблари асосида жорий қилди.
Мазкур халқаро стандарт сертификати халқаро аккредитацияга эга IAF-United registrar of sistem компанияси томонидан БМТ Тараққиёт дастури, шунингдек, “SMS SYSTEMS” консалтинг компанияси иштирокида Адлия вазирлигига тантанали равишда топширилди.
ISO/IEC 27001 — Халқаро стандартлаштириш ташкилоти ва Халқаро электротехника комиссияси томонидан биргаликда ишлаб чиқилган халқаро ахборот хавфсизлиги стандартидир.
Бундай сертификатлаш ишончни ошириш учун фойдали восита. Яъни, бундай сертификатни олган ташкилот фаолияти, у берган ва тарқатаётган маълумот, ахборотлар халқаро ҳамда маҳаллий даражада, шубҳасиз, ишончли саналади.

Айтиб ўтиш керакки, халқаро стандартларга мувофиқ бошқарув тизимини жорий этиш натижасида ходимлар ўртасида ахборотни муҳофаза қилиш ҳамда маълумот олишда ортиқча вақт сарфланишининг олди олинади.
Бундан ташқари, ахборот хавфсизлиги менежмент тизимининг жорий қилиниши тизимларнинг ишдан чиқиши, нотўғри фойдаланишдан ҳимоя қилиш ёки хавфни камайтиришга хизмат қилади.
Энг асосийси, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифати ошади, ахборот махфийлиги ва ишончлилиги ошади.
Давлат органининг ISO/IEC 27001:2013 сертификатига эга бўлиши мамлакат фуқаролари билан ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Адлия вазирлиги давлат хизматлари кўрсатиш орқали бевосита фуқароларга ҳар куни ҳар жойда керак бўладиган ҳужжатлар билан ишламоқда.

Бу ўринда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласи жуда муҳим. Фуқароларга берилаётган ЭРИ калити, туғилганлик, никоҳ ва бошқа бир қатор ҳужжатлардаги маълумотлар сақланадиган электрон база ҳар жиҳатдан хавфсиз, ҳимояланган, таҳдидлардан холи бўлиши керак.
Ҳозирда фуқаролар шахсий маълумотлари билан боғлиқ ҳужжат бериш жараёнлари рақамлаштирилгани боис ҳам ахборот хавфсизлиги масаласи ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этади.
Эндиликда вазирликнинг ахборот хавфсизлиги бўйича халқаро сертификатга эга бўлиши фуқаролар шахсий маълумотларининг ишончли ҳимояда эканлигини англатади.






