Самарқанддаги тўйхонада яқинларининг қаровсизилиги сабаб йўқолган болакай, базмгоҳ атрофидаги 8 метрлик қудуққа тушиб кетганлиги аниқланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ургут тумани прокуратурасига "Хўжайдуқ" маҳалласида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, 25 сентябрь куни соат 16:00 ларда "Этакбешкапа" МФЙда жойлашган тўйхонага 4 ёшли набираси билан боргани ва уни йўқотиб қўйганини айтиб, унинг топилишида ёрдам сўраган.
Мурожаатга асосан вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан биргаликда қидирув тадбирлари амалга оширилган ва 30 сентябрь куни тўйхона атрофидаги ичимлик суви қазиб олиш учун мўлжалланган 8 метрлик қудуқдан боланинг жасади топилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.