Ўзбекистон аҳолисининг 3 млн 162 минг нафарини кекса авлод вакиллари ташкил этади. Улардан 221 нафари иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 9965 нафари меҳнат фронти иштирокчиси, 22 745 нафари эса ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалардир.
Жорий йилнинг ўтган даврида "Нуроний" жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1775 нафар кексаларга ногиронлар аравачаси, 1489 нафарига эшитиш мосламаси, 2132 нафарига ҳасса, 1016 нафарига кўзойнак, 864 нафарига бошқа реабилитация воситалари олиб берилди. 475 124 нафар нуронийлар бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
22 745 нафар ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексаларнинг 3565 нафарига дори-дармон воситалари, 8266 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари, 3785 нафарига моддий ёрдам берилди, 168 нафарининг уй-жойлари таъмирланди.
Бу ҳақда АОКАда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.






