АсосийЖАМИЯТ

Ҳудуддаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи "UzAuto Motors"нинг IPO’си старт олди (фото)

2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мувофиқ 2022 йилнинг 6-ок...

'Ҳудуддаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчи "UzAuto Motors"нинг IPO’си старт олди (фото)'ning rasmi

2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мувофиқ 2022 йилнинг 6-октабрида  UzAuto Motors'нинг IPO'си старт олди. Ўзбекистонда бу йирик давлат компанияси томонидан биринчи оммавий таклиф (IPO) ҳисобланади.

Жамият жисмоний ва юридик шахслар сотиб олиши мумкин бўлган 5% гача акцияларини "Тошкент" Республика фонд биржасига жойлаштиради.

Компаниянинг IPO'га чиқарилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов, "O‘zavtosanoat" АК бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов ва "UzAuto Motors" акциядорлик жамиятининг бош директори Бо Андерссон йиғилган салоҳиятли инвесторларни қутлаб мурожаат қилди.

"UzAuto Motors" акцияларини оммавий жойлаштириш ва хусусий секторни инвестицияларга жалб этиш компаниянинг стратегик ривожланиши учун муҳим қадамдир. Компаниянинг сўнгги йилларда жадал ривожланиши ва кўплаб ютуқлари уни ишончли сармоявий ҳамкорга айлантирди. UzAuto жамоасининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва давлат раҳбарининг бевосита кўмаги билан UzAuto Motors зарар кўрувчи ва субсидияланган компаниядан хорижий мамлакатларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйган энг йирик ва энг даромадли автомобиль ишлаб чиқарувчи корхонага айланди", — деди Шавкат Умурзоқов.

Тадбирда "UzAuto Motors" АЖ тақдимоти бўлиб ўтди, унда компания молиявий барқарорлигининг асосий кўрсаткичлари ҳамда келгусида ривожланиш стратегияси кўрсатилган.

Жорий йилнинг июль ойида UzAuto Motors акцияларини бирламчи жойлаштириш (IPO)нинг андеррайтери тендер натижаларига кўрf, Ўзбекистонда ҳам ва чет элда IPO, ҳам SPOни ташкил этишда катта тажрибага эга "Freedom Broker" инвестиция компанияси томонидан танланган. Хусусийлаштиришнинг биринчи босқичида UzAuto Motors  5% гача акцияларини "Тошкент" Республика фонд биржасига жойлаштиради.

"UzAuto Motors IPO'си — Ўзбекистонда узоқ кутилган ИПОлардандир. Бундай компанияларнинг ўз акцияларини кенг доирадаги инвесторларга сотиш имконияти билан ИПОга чиқиши маҳаллий капитал бозорини ривожлантириш ва рағбатлантиришда муҳим бурилиш ҳисобланади. Бошқа мамлакатларда ҳам йирик миллий компанияларнинг қимматли қоғозлари инвестиция воситаси сифатида яхши ишлайди ва Ўзбекистонда ҳам самарали ишлайди. Таҳлилчилар ИПОдан сўнг автомобиль ишлаб чиқарувчиси акциялари нархи ошишини кутишмоқда, чунки бу ишончли ва фойда келтирувчи корхона», — дея изоҳ берди, "Freedom Broker" ижрочи директори Эвгений Можейко.

Таҳлилчиларнинг прогнозлари автомобиль ишлаб чиқарувчи корхонанинг иқтисодий кўрсаткичларига асосланади — 2020 йилдан буён "UzAuto Motors" Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилар ўнлигидан жой олди. Компаниянинг 2021 йилдаги соф даромади UFRS бўйича 166 миллион долларни ташкил этди, ишлаб чиқариш ҳажми 235 000 та автомобилни ташкил этди. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 340 минг дона автомобилгача ошириш режалаштирилган, бу эса мос равишда соф фойданинг сезиларли даражада ошишига олиб келади. Бундан ташқари, 2026 йилга келиб даромад 2021 йилга нисбатан 2 баравар ошиши кутилмоқда.

"UzAuto Motors" компаниясининг жозибадорлиги халқаро капитал бозорида унинг қимматли қоғозларига бўлган қизиқишни тасдиқлайди. 2021 йилда автомобиль ишлаб чиқарувчиси Лондон фонд биржасига 300 миллион долларлик еврооблигацияларни жойлаштирган эди. Шунда талаб таклифдан 5 баробар ошиб кетган.

Маълумот учун, "UzAuto Motors" МДҲдаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси бўлиб, 1993 йилда ташкил этилган. Компаниянинг General Motors Global (АҚШ) билан стратегик ҳамкорлиги доирасида компания Chevrolet русумли автомобилларнинг кенг ассортиментини тўлиқ цикл (CКД) асосида ишлаб чиқаради. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш Асака (Андижон вилояти) ва Питнак (Хоразм вилояти)даги заводларда амалга оширилади. Қозоғистон ва Озарбайжонда "UzAuto Motors" автомобилларини йиғиш йўлга қўйилган.

Ойбек Шукуров.

    Бошқа янгиликлар