Маҳаллий электромобиль хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади

ЖАМИЯТ 10.10.2022, 23:37
Маҳаллий электромобиль хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади

Президент Шавкат Мирзиёев 10 октябрь куни электромобиль тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг қайд этишича, тақдимотда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти раҳбарлари бу борада хорижий компаниялар билан эришилган келишувлар, ўзлаштирилиши кутилаётган моделлар ҳақида ахборот берди. Электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қувватлаш станциялари тармоғини кенгайтириш, бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

"Электромобиллар кундалик ҳаётимизга жадал кириб боряпти. Импорт ошяпти. Нима учун? Чунки талаб бор. Бундай машиналарнинг харажати кам. Энг муҳими, одамларимиз шуни маъқул кўряпти. Шундай экан, халқимизга замонавий электромобиллар етказиб беришимиз керак", – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум бўлишича, дунёда ҳар 20 та электромобилга битта қувватлаш станцияси тўғри келади. Юртимизда эса бундай жойлар атиги 50 та бўлиб, асосан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган. Электромобилларга хизмат кўрсатиш марказлари йўқ.

" Ҳар бир қароримизда бир йиллик эмас, ўн йилликларни кўзлашимиз керак. Экологияни инобатга олиб, келажакни инобатга олиб, бу тармоқни ҳозирдан ривожлантиришимиз зарур. Буни қанча тез қилсак, автомобил бозорида рақобат пайдо бўлади. Бошқа электромобил компаниялари ҳам келади", – деди Президент.

Шу боис, соҳада тажрибага эга хорижий компания билан қўшма корхона ташкил қилиб, оммабоп электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган.

Давлатимиз раҳбари электромбилларнинг нархи арзон бўлиши кераклигига алоҳида эътибор қаратган. Бу эса бутловчи қисмларнинг маҳаллийлаштирилганлик даражасига боғлиқ.

Мисол учун, электромобиль таннархининг 30 фоизини аккумулятор, 10 фоизини электр ўтказгичлар ташкил қилади. Юртимиз заминидаги литий, мис, графит каби хомашё захираларидан фойдаланиб, бундай қисмларни бемалол ўзимизда ишлаб чиқариш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, маҳаллий электромобиль хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгилангани айтилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1