1

Ўзбекистонни велосипедда сайр қилаётган швейцарияликлар ва 60 ёшида камондан ўқ отаётган онахон билан суҳбат

СПОРТ 12.10.2022, 13:46
Ўзбекистонни велосипедда сайр қилаётган швейцарияликлар ва 60 ёшида камондан ўқ отаётган онахон билан суҳбат

Қўқонда "Etnosport challange 2022" фестивали ўтказилди. Тадбир давомида Ўзбекистон бўйлаб велосипедда сайр қилаётган швейцариялик туристлар ва 60 ёшида камондан ўқ отиш спорт тури билан шуғулланаётган онахон билан суҳбат ўтказдик.

Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдасида "Etnosport challange 2022" фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Этноспорт Ассоциацияси томонидан ташкил этилган.

Этноспорт - анъанавий ўйинларнинг ҳақиқийлигини сақлаб қолиш ва уларни замонга мувофиқлаштириш имконини берувчи спорт тадбирларининг шаклидир. Шу сабаб фестиваль айнан Қўқон шаҳрида ўтказилди. Чунки мазкур ҳудудда унутилаётган миллий ўйинлар қайта тикланмоқда.  

Фестивалда томошабин сифатида иштирок этганлар от устида кураш, камондан ўқ отиш, тош кўтариш, миллий кураш  ва бошқа миллий ўйин баҳслари гувоҳи бўлишди. Бизни эътиборимизни жалб қилган вазият эса фестивалда  60 ёшида камондан ўқ отиш спорт тури билан шуғулланаётган онахон  бўлди.

"Бу спорт тури билан шуғулланишни бошлаганимга ҳали 1 йил бўлгани йўқ, қизиқиш эса мактабда ўқиб юрган давримда бошланган. Ҳозирда ҳам камондан ўқ отиш машғулотларига бораман ва буни ҳали тўхтатиш ниятим йўқ", - дейди қирғизистонлик Давлетпаша Исабекова.

Бундан ташқари Худоёрхон ўрдасида Ўзбекистон бўйлаб велосипедда сайр қилаётган Швецариялик туристларни ҳам учратдик.  

"Биз саёҳатимизни Андижондан бошладик. Сўнг Марғилон, Риштон ва мана ҳозир Қўқонга етиб келдик. Фестивалга эса кутилмаганда келиб қолдик ва бу ердаги миллий кураш, тош кўтариш ва бошқа ўзбек миллий спорт турларини гувоҳи бўляпмиз. Умуман олган таъсуротларимиз аъло. Фестиваль тугагандан сўнг Тошкентга йўл оламиз", - деди  Швецариялик туристлар.

Ойбек Шукуров

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1