Владимир Зеленский идораси сайтида Украинага ядровий давлат мақомини қайтариш бўйича янги петиция рўйхатга олинди. Бу ҳақда "РИА Новости" хабар берди.
"Ядровий мақомсиз Украина ҳеч қачон мустақил бўлмайди, жаҳон иқтисодиётига ҳеч қачон таъсир кўрсатмайди. Жаҳон кучлари ҳеч қачон Украина билан ҳисоблашмайди, сармоя киритмайди. Ядровий мақомга эга бўлган Украина турли глобал алянсларга кириши шарт эмас, Украина ўз ҳимоясини таъминлайди”, дейилади Зеленский идораси сайтига жойлаштирилган петиция матнида.
Мурожаат сешанба куни рўйхатга олинган. Уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган 25 000 овоздан 80 дан ортиғи тўпланган.
Таъкидланишича, бу Украинага ядровий давлат мақомини қайтариш ҳақидаги биринчи петиция эмас. Шунга ўхшаши сентябрь ойида киритилган бўлиб, ҳали кўриб чиқиш учун зарур бўлган овозларни тўплай олмаган. 2020 йилнинг май ойида рўйхатга олинган яна бир шу каби петицияни 195 сайловчи қўллаб-қувватлаган.
1994 йилда Украина Будапешт меморандумини имзолаган ва бошқа имзолаган давлатларнинг уни хавфсиз сақлаш ваъдаси эвазига дунёда учинчи йирик ядровий қурол захирасидан воз кечган.
СССР парчаланганидан кейин Киев муҳим ядро арсеналини мерос қилиб олди. Бироқ, 1994 йилда Украина, Россия, АҚШ ва Буюк Британия Будапешт меморандумини имзоладилар. У Украинанинг Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилиши муносабати билан хавфсизлик кафолатлари бўйича халқаро шартнома бўлиб хизмат қилди. Келишувга мувофиқ, Украина ҳудудидаги ядро арсенали йўқ қилинган ва ядровий давлатлар Киев хавфсизлигини кафолатлашга ваъда берган.
2022 йил февраль ойида Владимир Зеленский Мьюнхен конференциясида меморандум иштирокчилари ўртасида музокаралар бошлашини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, агар улар амалга ошмаса ёки натижада Киев учун хавфсизлик кафолатлари бўлмаса, Украина Будапешт меморандуми ишламаяпти, деб ҳисоблаши ва 1994 йилдаги барча пакетли қарорлар шубҳа остига олинишини билдирган.






