Халқаро туризмни ривожлантириш, чет эллик саёҳларни юртимизга жалб қилиш мақсадида “Orient Silk Road Express” номли туристик чартер поезди ҳаракати қайта тикланди. Бу ҳақда “Тошкент минтақавий темир йўл узели” УК хабар қилди.
Маълум қилинишича, ушбу сайёҳлик поезди Германия туристик компанияси ҳамкорлигида йўлга қўйилган.

Жорий йил 7 октябрдан Олмаота — Тошкент — Қамаши — Китоб — Самарқанд — Хива – Бухоро — Хўжанд — Тошкент йўналишида иккинчи бор “Orient Silk Road Express” туристик чартер поезди ҳаракати бошланди. Саёҳатнинг биринчи босқичи сентябрь ойида ўтказилган. Унда 70 нафар турист Буюк Ипак Йўли бўйлаб поездда бўлишган эди. Бу сафар эса Германияда 50 нафар сайёҳдан иборат гуруҳ йиғилиб, Франкфурт–Тошкент рейси билан Ўзбекистонга олиб келинди. Поезд йўловчилари Норвегия, Швецария, Франция, Германия ва АҚШдан келган сайёҳлардир.


13 кун давомида ушбу саёҳларни қўшни Қозоғистон, Тожикистон давлатларининг ҳамда Ўзбекистоннинг бир қатор қадимий шаҳарларига олиб борадиган мазкур ҳаракат таркибидаги вагонларнинг ярмидан кўпи, Ўзбекистонда, яъни Тошкент вагонларни қуриш заводида ишлаб чиқарилган, бир қисми — "Россия темир йўллари"га тегишли. Ушбу поезд, ҳар бири 8 ўринли 4 та люкс ҳамда 4 та юқори қулайликдаги 16 ўринли вагон, 2 та ресторан ва ходимлар учун алоҳида вагондан иборат.



Сайёҳлик поездининг туристлар учун қулай тарафларидан бири вагоннинг ўзида барча қулайликлар яратилган. Ҳар бир вагон купесида телевизор, кийим-кечак шкафлари, душ ва бошқа зарур нарсалар мавжуд. Аксарият вагонлар миллий услубда безатилган. Вагон ресторанида ҳам сайёҳларнинг буюртмасига қараб таомлар тайёрлаб берилади.


9 октябрдан ҳозирги кунгача ушбу туристик поезддаги барча сайёҳлар Тошкент ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Шаҳрисабз, шунингдек, сўнгги икки кун мобайнида Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишди. Хорижлик сайёҳларнинг кайфияти жуда юқори. Улар нафақат диёримизнинг гўзал табиати, диққатга сазовор жойлари, балки ушбу сайёҳлик поездида яратилган шароитлар, моҳир ошпазлар томонидан тайёрлаб берилаётган миллий ва Европа таомларидан баҳраманд бўлишмоқда.



Сайёҳлар бугун ушбу поездда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига йўл олишади.






