1

ДХХ сифатсиз дорилар ва тиббиёт буюмларининг савдосига чек қўйди (видео)

ЖИНОЯТ 13.10.2022, 17:17
ДХХ сифатсиз дорилар ва тиббиёт буюмларининг савдосига чек қўйди (видео)

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Янгийўл туманида истиқомат қилувчи, 1976 й.т. фуқаро ўзининг яшаш хонадонида яширин цех ташкил этиб, хорижда ишлаб чиқарилган ва яроқлилик муддати ўтган дори воситаларини қайта қадоқлаш орқали сотувга чиқариш билан шуғулланганлиги фош этилди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати darakchi.uz'га хабар берди.

Хусусан, ушбу манзилда 34 турдаги 445 минг дона дори воситалари борлиги аниқланди.

Улардан 24 турдаги дори воситалари Франция, Германия, Бельгия, Венгрия, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Украина давлатларида ишлаб чиқарилган бўлиб, яроқлилик муддати 2007-2020 йиллар оралиғида тугаган.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг умумий қиймати 3 млрд. 185 млн. 250 минг сўмни ташкил этади.

Шунингдек, ноқонуний цехда қадоқлаш ва дори воситаларининг муддатини ўзгартириш ускуналари, қалбаки штамп ва муҳрлар борлиги ҳам маълум бўлди.

Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам Божхона органлари ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Хусусан, “Фарғона-Тошкент” йўналиши бўйича ҳаракатланиб, Яшнобод туманидаги автотураргоҳларнинг бирида тўхтаган “Исузу” русумли юк машинаси кўздан кечирилганда, унда хорижда ишлаб чиқарилган, лекин, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 4 турдаги жами 72 425 дона, умумий қиймати 231 млн. 760 минг сўмлик тиббиёт буюмлари борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, қўшни давлат ҳудудидан айланма йўллар орқали мамлакатимизга олиб кирилган ушбу тиббиёт буюмлари Фарғона шаҳрида яшовчи, 1976 й.т. аёлга тегишли бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1