АсосийJamiyat

Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда енгил автомобиллар ишлаб чиқаради

'Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда енгил автомобиллар ишлаб чиқаради'ning rasmi

12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Мусо Жаманбаев билан учрашди.

Суҳбат давомида саноат кооперациясининг янги истиқболли қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқиш, савдо шартномаларини тузиш, Бишкек шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-йиғилиши ҳамда икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларини жалб қилган ҳолда бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон Ҳукумати делегациясининг ташрифини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Маълум бўлишича, жараёнда 2022-2025 йилларга мўлжалланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги Битим ҳамда Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битимни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. 

Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, томонлар шаҳар транспорти соҳасида 1,85 миллион долларлик лойиҳани молиялаштиришни бошлаган Ўзбек - Қирғиз тараққиёт жамғармаси фаолиятини муҳокама қилдилар. Жамғарма маблағларини жалб қилган ҳолда Қирғизистонда йигирув корхонасини ташкил этиш лойиҳасини молиялаштириш ва травертинни бирламчи қайта ишлаш лойиҳасини биргаликда амалга оширишга келишилди.

"Суҳбат якунида муҳокама қилинган йўналишлар доирасида муваффақиятли ҳамкорлик қилиш мақсадида биргаликда иш олиб боришни давом эттиришга содиқлик билдирилди", — дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар