АсосийJamiyat

Япониянинг Тоё университети билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

'Япониянинг Тоё университети билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланди'ning rasmi

Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи доирасида Токио шаҳридаги Тоё университети ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи давомида Тоё университети Кузатув кенгаши раиси Шинжи Фукукава, Университет президенти Эсуко Ягучи ва бошқа қатор масъуллар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси кўмагида амалга оширилди.

Учрашув доирасида Азиз Абдуҳакимов Тоё университети раҳбариятига Ўзбекистонда туризм ва маданий мерос соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети фаолиятидаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Шинжи Фукукава Ўзбекистон ва Япония таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади. Шу ўринда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, илмий-академик алмашувларни фаоллаштириш, япониялик профессорларни Ўзбекистонга йўллаш ва ўзбекистонлик талабаларнинг Тоё университетида амалиёт ўташи имкониятлари кўриб чиқилди.

Эсуко Ягучи Ўзбекистон билан гуманитар, аниқ ва амалий фанлар, “яшил” ва “барқарор” туризм масалалари ҳамда обектлар реставрацияси бўйича қўшма тадқиқотлар борасида ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.

Япония томон Ўзбекистоннинг Ипак йўли мамлакатлари фуқаролари учун Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида 85 давлат гранти ажратишга доир ташаббусини юқори баҳолади.

Томонлар туризм соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, жумладан Ўзбекистондаги буддавийлик меросини ўрганиш, буддизм  обидалари реставрацияси, археологик қазишмаларни амалга ошириш, илмий семинар ва изланишларни олиб боришга оид келишувга эришишди.

Учрашувда, шунингдек, Тоё университети раҳбарияти ва профессорларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил қилиш ва унинг давомида юртимизнинг туристик ва таълим салоҳияти билан яқиндан танишиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга келишилди.

Бундан ташқари, Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида Тоё университети талабалари учун ёзги кампус ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Учрашув якунига кўра, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ҳамда Тоё университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, у академик ҳамкорлик, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, туризм соҳасида Япониянинг илғор тажрибасини қўллашни кўзда тутади.

    Бошқа янгиликлар