14 октябрь куни Artel компанияси Шоурумида шахматчилар иштирокида дўстона учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда Artel компанияси раҳбарияти вакиллари, иқтидорли шахматчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Бу ҳақда ушбу тадбирда иштирок этган Darakchi.uz' мухбири хабар бермоқда.

Тадбирни Аrtel компанияси Бошқарув раиси ўринбосари Бектемир Муродов очиб берди: — Мақсадимиз ёшлар ўртасида спортнинг шахмат турига қизиқишини ошириш, уларни янги ғалабалар сари рағбатлантириш ва бу билан Ўзбекистон байроғини халқаро ареналарда баланд ҳилпиратадиган янги чемпионлар етишиб чиқишига ўз ҳиссамизни қўшишдир. Артел компанияси ҳар доим ёш шахмат усталарини қўллаб-қувватлашга ва улар билан елкама-елка туришга тайёр, — дейди у ўз нутқида.

Учрашув давомида Аrtel компаниясининг спортнинг шахмат турига қўшган ҳиссаси акс этган махсус видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, гроссмейстерлар ва Аrtel ходимлари ўртасида дўстона шахмат ўйини ўтказилди.



Маълумот учун, Аrtel компанияси азалдан спорт, хусусан, шахматни мунтазам қўллаб-қувватлаб келади. Хусусан, компанияда ходимларнинг ақл гимнастикаси билан шуғулланиши учун махсус жиҳозланган майдонлар ташкил қилинган. Ходимлар ўртасида шахмат турнирлари, гроссместерлар билан учрашувлар тез-тез ташкил этилади.



Қолаверса, Аrtel компанияси ўтган йили 8 март Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида “Sky chess” шахмат мактаби билан ҳамкорликда аёллар ўртасида “Нилуфар” шахмат турнирини ташкил қилганди. Турнир иқтидорли, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилганди.
Ушбу турнирда иштирок этган Тошкент шаҳридаги 11 нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчи қизларига “Sky chess” шахмат мактабида бир йил бепул таълим олиш учун сертификатлар топширилган.
Бундан ташқари, жорий йилда 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилган “Аrtel-chess” шахмат турнирида эса 14 ёшгача бўлган 60 нафардан ортиқ блитс-шахмат ўйнаш тажрибасига эга бўлган болалар иштирок этди. Интеллектуал баҳс якунида шахмат бўйича турнир ғолибларига Аrtel компанияси томонидан совғалар топширилганди.
Қолаверса, Аrtel компанияси “Sky chess” шахмат мактабининг 3 нафар аъзосини жорий йилнинг август ойида ўтказилган “Abu Dabi Chess Festival” халқаро турнирида иштирок этишини молиялаштирди.
Қайд этиш жоизки, Аrtel компанияси юртимизда шахмат спорт турини янада оммалаштириш тарафдори. Компания бу каби учрашувлар орқали спорт тарғиботига ҳисса қўшишни ўзининг корпоратив-ижтимоий масъулияти деб билишини маълум қилди.






