Душанба куни эрталаб Киев марказида камида тўртта портлаш содир бўлди.
Украина расмийлари Россиянинг Эронда ишлаб чиқарилган камикадзе дронлари томонидан ҳужум уюштирилганини даъво қилмоқда. Зарбалар Украина энергетика инфратузилмасининг оммавий ўққа тутилишидан бир ҳафта ўтиб амалга оширилган.
Шаҳар мери Виталий Кличко ўзининг телеграм-каналида Киевнинг марказий Шевченковский туманида эрталаб рўй берган тўртта портлаш ҳақида ёзган.
“Пойтахтга камикадзе дронлари ҳужум қилди, – деди Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак. – Бизга кўпроқ ҳаво мудофаа тизимлари керак ва иложи борича тезроқ. Бизда секин ҳаракатларга вақт йўқ. Осмонни ҳимоя қилиш ва душманни йўқ қилиш учун кўпроқ қуроллар".
Дронлар марказий темир йўл вокзали яқинига зарба берди, бу эса бир неча ёнғин ва турар-жой биноларига зарар етказди, деб хабар бермоқда Рейтер агентлиги.
Кличконинг ёзишича, Шевченко туманида камикадзе дронларнинг ҳужуми натижасида турар-жой биносида портлаш содир бўлган. 18 киши қутқарилган. "Дастлабки маълумотларга кўра, вайроналар остида икки нафар аҳоли қолмоқда. Қутқарув ишлари давом этмоқда. Вайрон бўлган қурилиш конструкцияларини ўчириш ва вайроналарни олиб ташлаш давом этмоқда", — деган ҳоким. Кейинроқ у вайроналар остидан ўлган аёлнинг жасади топилганини айтган.
Украина президенти Владимир Зеленский уй жиддий зарар кўргани акс этган кадрларни эълон қилган. "Тунда ҳам тонгда ҳам душман тинч аҳолини даҳшатга солмоқда. Камикадзе самолётлари ва ракеталари бутун Украинага ҳужум қилмоқда. Киевдаги турар-жой биносига зарбалар бор", - деб ёзди Зеленский Телеграм-каналида.
Россия Мудофаа вазирлиги Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларига уюштирилган янги ҳужумларга изоҳ бермаган.
Ўтган ҳафта бошида Россия Украинанинг турли минтақаларидаги инфратузилма объектларига қанотли ракеталар ва учувчисиз самолётлар ёрдамида, жумладан, Киевга ҳужум уюштирган эди. Кейин зарбалар шиддати пасайди ва Россия ракеталар ўрнига Эрондан сотиб олинган, рус армияси “Геран-2” деб атаган “Shahed-136” камикадзе дронларидан фойдалана бошлади.