Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида 20–21октябрь кунлари Hanabad wellness-resort биринчи халқаро экотуризм форуми ўтказилади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу форум Президентнинг 2022 йил 30 апрелдаги «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилмоқда.
Андижон вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказиладиган мазкур форумдан мақсад Хонобод шаҳрининг тоза ҳавоси ва табиати ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот бериш, табиатни асраб-авайлаш ва экологияни сақлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича «Андижон вилояти тажрибаси» билан ўртоқлашиш ҳисобланади.
Шунингдек, Хонобод шаҳрининг туризм соҳасидаги ўзига хос салоҳияти, ривожланиш истиқболлари ва имкониятларини илмий жиҳатдан таҳлил этиш, бу борада соҳа экспертлари фикрлари билан танишиш ва Хонобод шаҳрига сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида таклиф ва режалар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Мазкур форум анъанавий тарзда ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган. Форум халқаро мақомга эга бўлиб, жорий йилда унда 7 та хорижий давлатдан (Болгария, Полша, Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, ва Россия) олимлар ва профессорлар, туризм соҳаси экспертлари иштирок этиши режалаштирилган.






