Тошкентда Озарбайжон ёзувчиси Азиза Жафарзоданинг ўзбек тилида нашр этилган "Боку 1501" тарихий романининг тақдимоти бўлиб ўтди

МАДАНИЯТ 21.10.2022, 11:25
Тошкентда Озарбайжон ёзувчиси Азиза Жафарзоданинг ўзбек тилида нашр этилган "Боку 1501" тарихий романининг тақдимоти бўлиб ўтди

Алишер Навоий номидаги Ўзбек Тили ва Адабиёти Университетида Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ташаббуси билан Халқ ёзувчиси Азиза Жафарзоданинг Тошкентда Ўзбек тилида нашр этилган "Боку 1501" тарихий романининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг хабар беришича, Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти ва маданияти кунлари доирасида ўтказилган тадбирда Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раиси Ганира Пашаева, Бокудан келган бошқа меҳмонлар, Ўзбекистон адабиёти, маданияти ва санъати намояндалари, олий ўқув юртларининг профессор ўқитувчилари, талабалар, журналистлар иштирок этди.

Университет проректори, профессор Султон Норматов ректор Шуҳрат Сирожиддиновнинг тадбир иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди. У Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида кун сайин ривожланиб бораётган маданий ва адабий алоқалар ҳақида сўз юритди.

Тақдимотда университет доценти, Фузулий Марказининг раҳбари Гулбаҳор Ашурова Азиза Жафарзода ҳаёти ва ижоди ҳақида гапириб, Озарбайжон тарихига оид ажойиб санъат асари бўлган китобнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Озарбайжон Маданият Маркази директори Самир Аббасов таниқли ёзувчи, олим, профессор Азиза Жафарзода ижодини тасвирлаб, ижодининг айрим томонлари ҳақида сўзлаб берди. Тарихий романлар муаллифи Азиза Жафарзода ижоди ҳақида гапирар экан, "Боку 1501" асари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди, Совет даврининг бестселлерига айланган асар Озар халқи давлатчилигининг шонли тарихига ойдинлик киритишини таъкидлаб, дипломат ушбу асарнинг Озарбайжон ерларини бир бутун бирлаштириб, йирик империя тузган шоҳ Исмоил Хатоийга бағишланганлигини таъкидлади. С.Аббасов Хатоийнинг давлат раҳбари ва адабиётнинг таниқли вакили сифатидаги хизматлари ҳақида гапирди.

Ёзувчи туркийлик ғояларини асос қилиб олиб, ҳам адабиётшунос олим, ҳамда тарихий романлар ёзган ёзувчи сифатида Озарбайжон адабиёти ва тарихининг маълум даврлари ҳақида ажойиб, эсда қоларли асарлар яратганлиги қайд этилди.

Озарбайжон Миллий Мажлиси Маданият қўмитаси раиси, депутат Ганира Пашаеванинг айтишича, олим сифатида Азиза Жафарзода бир қатор бахши ва шоирларнинг асарларини тўплаб, нашр этган. "Фатма хоним Камина", "Юрак уриши ", "Озарбойжоннинг бахши ва шоира аёллари", "Ширвоннинг уч шоири", "Мужрум Карим Вардоний, Сунбулистон", " Абдулла Падарли", "Танланган асарлари", "Ҳар новдасидан бир япроқ" китоблари шулар жумласидандир.

Депутат 1979 йилда ёзувчи туғилган ҳозирги Ҳожиқабул туманининг Ҳожили қишлоғида ўз маблағлари ҳисобига ўрта мактаб ва клуб биносини қурганини таъкидлади. У ҳар доим Озарбайжон мустақиллиги ва Арманистон тажовузига қарши ҳаракатнинг етакчиси ва фаол иштирокчиси бўлган ватандош ёзувчиси эди.

"Боку 1501" романини ўзбек тилига таржима қилган таниқли журналист ва таржимон Рустам Жабборов асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб, бу роман Озарбайжонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам севиб ўқилишига ишонч билдирди.

Тадбир давомида ўзаро совғалар топширилди.

Сўнгра Озарбайжон ва Ўзбекистон Халқ артисти Гуляног Маммадова Озарбайжон қўшиқлари ва романсларини ижро этди. Самарқандда бўлиб ўтган Шарқ тароналари халқаро мусиқа фестивалининг Гран-При совриндори,фахрий артист Соҳиб Пашазода торда унутилмас мусиқий куйларни ижро этди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1