АсосийЖАМИЯТ

Ўзбек тили хавф остида(ми?)

Одатда байрам арафасида ўзбек тилини улуғловчи шиорлар, унинг улуғлиги, кенг қамровлиги ҳа...

Одатда байрам арафасида ўзбек тилини улуғловчи шиорлар, унинг улуғлиги, кенг қамровлиги ҳақида факт ва рақамлар излаб қоламиз. “Ўзбек тили минг-минг йиллик тарихга эга”, “ўзбек тилида 50 миллион одам гаплашади”, “ўзбек тили дунёдаги юзта давлат тилидан бири”, “ўзбек тили дунёда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири”... Бу тилда ижод қилган буюк аждодларимиз номини санашдан чарчамаймиз. Ҳар йили 21 октябрь арафасида ҳаммамиз “тилшунос”га айланамиз, тадбирлар ўтказамиз, мақолалар ёзамиз. Аслида, ўзбек тилининг аҳволи қай даражада? Унинг келажаги порлоқми? Унинг тараққиётига нималар раҳна солмоқда? Турли соҳаларда, жабҳаларда ўзбек тилининг ўрни ва мавқеи қай даражада? Қайси тизимда қандай муаммолар бор? Келинг, баландпарвоз гаплардан кўра, шу саволларга жавоб излаб кўрайлик.

Иш юритишда...

Қонунга мувофиқ, ўзбек тили давлат тили ҳисобланади. Давлат идоралари шу тилда иш юритиши лозим. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади. (Ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.)

Аммо ҳали-ҳануз кўп идораларда рус тилини билмасангиз ишингиз битмайди. Аксинча, айрим фуқаролар ўзбек тилида иш юритадиган ходимларни савиясизликда айблашганига ҳам кўп гувоҳ бўлганман. Худди давлат тилида иш юритиш жиноятдек қарайдиганлар ҳам бор.

Кўп идораларга борсангиз, иш тартиби билан боғлиқ эълонлар рус тилида осиб қўйилганини кўрасиз. “Нега” деб сўрасангиз, “кўп ҳужжатлар тепадан рус тилида келади”, деб жавоб қайтаришади.

Яқинда бир фильм режиссёри билан гаплашиб қолдим. Фильмда самолёт экипажи ходимлари ўзаро тўлиқ рус тилида гапиришади. “Нега бу жойлари ўзбек тилида овозлаштирилмаган”, деб сўрасам, “авиация тизимида ўзбекча атамалар бўлмагани сабабли буйруқлар, ҳужжатлар, мулоқотлар рус тилида олиб бориларкан", деган жавоб олдим.

Хўш, бунга ким айбдор? Наҳотки яна ўзбек тилининг “камбағаллиги”ни рўкач қиламиз?

Илм-фанда...

Анча йиллар олдин телевидениеда бир тиббиёт соҳаси вакили маҳаллий кадрлар малакасини давлат тилидаги дарсликлар етишмаслиги билан боғлаганди. Унинг айтишича, тиббиётга оид дарсликларнинг 90 фоизи рус тилида. Бу тилни яхши билмайдиган талабалар етарлича билим олишолмайди. Натижа эса маълум.

Бу муаммо фақат тиббиётда эмас. Ўзбек тилининг илмий имкониятларидан бошқа илмий соҳаларда ҳам етарлича фойдаланилмаяпти. Ўтмишда олимларимиз илмий асарларни асосан араб тилида ёзишган. Чор Россияси ва Совет ҳукумати даврида рус тили асосий илмий тилга айланди. Талабалик даврида бизга тавсия этилган адабиётларнинг кўпчилиги рус тилида бўларди. Ҳозир ҳам жараён ўзгармаган.

Бошқа фанларни қўя турайлик, бевосита Ўзбекистон тарихи, ўзбек тили, адабиётшунослик билан боғлиқ муҳим илмий адабиётларни кўпроқ бошқа тилларда учратасиз. Ўзим ҳам агар илмий иш жараёнида ана шундай адабиётлар билан ишламаганимда, бу фактга ишонмаган бўлардим.

Бир устозимиз ўзининг илмий мақолаларини асосан рус тилида ёзишини айтганида ҳайрон бўлгандим. Сабабини сўрасам, рус тилида илмий атамалар, услублар аллақачон пишитилган, бир йўлга солинган, илмий мулоҳазаларни рус тилида баён этиш осонроқ, деган жавобни олдим.

Тўғри, одатда ҳамма юриб ўрганган йўлдан ўтиш осон ва хавфсиз. Аммо агар йўловчилар юриб турмас экан, ҳар қандай йўл  қаровсиз, ташландиқ аҳволга келиши, ўт-алафлар босиб, ўтиб бўлмайдиган чакалакзорга айланиши ҳеч гап эмас.  

Оммавий ахборот воситаларида...

Оммавий ахборот воситаларининг турлари, шакллари, вазифалари ҳам кун сайин ўзгариб бормоқда. “Мажбурий обуна” баҳонаси билан босма матбуотни деярли четга суриб қўйганимизга ҳам анча бўлди. Бир пайтлар газета-журналлар, радио ва телевидение асосий ахборот манбаи вазифасини ўтаган бўлса, эндиликда интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар улоқни илиб кетди.

Бир пайтлар журналист бўлиш учун камида тўрт-беш йил ўқилган бўлса, ҳозир одамлар еттинчи синф маълумоти билан машҳур блогер бўлиши мумкин. Матбуот, радио ва телевидение умумхалқ тилининг, саводхонликнинг шаклланишига озми-кўпми хизмат қилган. Умрида газета ўқимаган, қўлига китоб олмаган, телевизорга қарамайдиган айрим блогерлар тилни нима аҳволга солишини тасаввур қилаверинг.

Минглаб-миллионлаб аудиторияга эга бўлган тиктокер, вайнер, блогер-у влогерлар ўз тилида, ўз лаҳжасида, ўзининг жаргонида  истаган нарсасини бидирлаб ётибди. Уларни тергайдиган, тартибга соладиганлар ҳали-вери топилмаса керак.

Блогерлар-ку, ўз йўлида биз юқорида тилга телебошловчилар-у, радиобошловчилар ҳам бундан мустасно эмас. Истаган сўзни исталган маънода ва мақсадда ишлатиш одатий ҳолга айланди. Кўрсатувлар, дастурлар, турли интернет ресурслари, сайтларнинг номиданоқ уларда давлат тили қай аҳволда эканини билсак бўлади.

Эл таниган кўпгина бошловчиларнинг ўзи аслида ўзбек тилини лозим даражада билмайди. Яқинлари, оила аъзолари билан рус тилида гаплашади. Улардан яна нимани талаб қилиш мумкин?

Еттинчи синф маълумоти билан машҳур блогер бўлиши мумкин, эл таниган кўпгина бошловчиларнинг ўзи аслида ўзбек тилини лозим даражада билмайди, ўзбек тилини билмаган ўзбеклар хориждаги Ўзбекистон ваколатхонасида ўтирибди, ҳар ким ўзига қулай алифбда ёзиб-чизиш билан банд.

Халқаро миқёсда...

Гоҳида ўзбек тили дунёнинг фалон-пистон мамлакатларида ўқитилади, деб кўкракка муштлаймиз. Қизиқ, ўзимиз ҳам гоҳо кераксиз деб ҳисоблайдиган она тилимиз бошқаларга нима учун керак бўлиши мумкин? Олис мамлакатда ўзбек тилини ўрганаётган мутахассис миллатимиз, халқимиз учун нима каромат кўрсатади? Нари борса, ўша мамлакат манфаатларига хизмат қилар.

Бир мажлисда давлатимиз раҳбари кўплаб хорижий элчиларимиз давлат тилини яхши билмаслигини танқид остига олганди. Ўзим хорижий сафарлар асносида чет элдаги бир қанча дипломатларимиз билан ҳамсуҳбат бўлиб бунга ишонч ҳосил қилганман. Ҳолбуки, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатлар мамлакатимизга ҳурмат белгиси сифатида кўп тадбирларда қийналиб бўлса ҳам, ўзбек тилида гапиришади.

“Барака топкур, сен чет элда Ўзбекистонни тамсил этяпсан, шу халқнинг, шу миллатнинг вакили сифатида масъул вазифада турибсан. Ўзбек тилини билмасанг, Ўзбекистоннинг ваколатхонасида нима қилиб ўтирибсан?..” дейдиган одам йўқ.

Бугун Ер юзида ўзбекнинг қадами етмаган бирор давлат қолмаган. Ҳатто кўп давлатларда ўзбеклар жамоалари, диаспоралари шаклланмоқда. Аммо уларнинг аксарияти Ўзбекистон чегарасидан чиқиши билан бошқа юрт, бошқа халқнинг урф-одатларига мослаша бошлайди. Қарабсизки, вақт ўтиши билан ўзбеклигини ҳам унутиб боради. Фарзандлари-ю, набираларини айтмаса ҳам бўлади. Бундай ҳолат бошқа халқларда ҳам учрайди. Аммо мослашиш, кўникувчанликда бизга тенг келадигани йўқ.

Кўпгина давлатларда Ватандан ташқаридаги ватандошлар ва миллатдошлар билан ишлайдиган алоҳида ташкилотлар, давлат идоралари бор. Бизда эса, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган ҳар қандай ўзбекка “чет эллик” деб қаралади. Уларнинг она тилида таълим олиши, ўқиб-изланиши ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Ҳали ўзимизда алифбо тизими тартибга солинганича йўқ. Ҳар ким ўзига қулай алифбода ёзиб-чизиш билан банд. Ҳатто ҳар икки алифбодан аралаш “битик” яратганлар ҳам бор. Алифбо тўлиқ ўзгарса Ўзбекистондан ташқаридаги миллионлаб ўзбеклар қайси ёзувдан фойдаланаркин? Битта халқ вакиллари Ўзбекистонда лотин, Тожикистонда кирилл, Афғонистонда араб алифбосидан фойдаланишда давом этаверса, бу ҳолат бирикишга қийналаётган миллатнинг янада пароканда бўлишига олиб келмайдими?

Жой номларида...

Маълумки, жой номлари ҳудуднинг қайси халққа тегишли эканини англатувчи асосий далил саналади. Арманлар 30 йил аввал Озарбойжон ҳудудини босиб олишганда, энг биринчи қилган иши туркий  жой номларини арманлаштириш бўлган. Шушани Шуши, Ханкендини Степанакерт, Қорабоғни Арцах, Умидлини Акнавард, Оқдарани Мардакерт ва ҳоказолар деб номлашган эди. Кейин ҳаммаси асли номига ўтказилди. Топонимлар бу ҳудуднинг паспорти, унинг қайси халққа тегишли эканини кўрсатувчи исботдир.

Ўзимизнинг қўшни давлатларда ҳам, аслида, ўзбекча жой номлари қардош тилларга мослаштириб ўзгартирилди. Туркманлар Тошҳовузни Дашоғуз, қозоқлар Чимкентни Шымкент, қирғизлар Қорасувни Кара-суу деб номлашди. Нима ҳам деймиз. Уларнинг ери, уларнинг ҳуқуқи.

Тожикистонда ҳам бир қанча ўзбек топонимлар шакли ўхшаш бўлса-да, маъноси бошқача бўлган форсий номлар билан алмаштирилди. Масалан, Қумариқни Кумарг, Қумоқни Хумроғ, Бешкентни Вешканд деб аташди. Қоратегин, Қизили, Қўрғонтепа, Чимқўрғон, Жирғатол сингари номлар Рашт, Лолазор, Бохтар, Чимқалъа, Лахш сингари топонимларга алмашди. Бунга ҳам эътирозимиз йўқ. Ҳар бир давлатнинг ички ишига аралашолмаймиз.

Бизнинг қонунимизда ҳам, географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилиши белгиланган.

Қўшниларимизнинг ҳаракатларидан ибрат оладиган бўлсак, биз ҳам Шаҳрисабз, Сариосиё, Оҳангарон, Ҳазорасп, Пешкў, Панжоб, Конимех, Себзор сингари юзлаб номларни ўзгартиришимиз керак эди. Аммо асрий анъаналарга эга бўлган бу номларни ўзгартиришга эҳтиёж сезилмайди. Қолаверса, бизда ҳар доим бошқа халқларнинг тилига, урф-одатларига, анъаналарига ҳурмат юқори.

Аммо нима учун бугунги кунда ҳаммага таниш бўлиб қолган  ўзбек тилидаги жой номларини арабча-форсча номлар билан алмаштирилишини тушунолмайман. Бундан юз эллик йил аввал боболаримиз “Оқподшо ҳазратлари бизга марҳамат қилдилар”, дея Мингтепанинг ўзбекча номини арабий Марҳамат билан алмаштиришган экан. Лекин яқин-яқинларда соф ўзбекча ўзакка эга бўлган Тўйтепа номини форсча-арабча Нурафшонга алмаштириш кимга керак бўлди?

Яқинда Самақанд вилоятида ўзгартирилган жой номлари рўйхатига кўзим тушди. Ўзингиз қараб баҳо беринг – Кечкелдикни Боғишамол, Қўйбоқарни Гулобод, Қўшсигирни Истиқлол, Бешпахсани Бинокор, Қозоқолдини Бунёдкор, Кампирўлдини Машъал, Қўтирбулоқни Саховатга ўзгартиришибди. Бир қараганда, қулоққа хийла хунук эшитиладиган топонимлар чиройли, баландпарвоз атамаларга алшматирилган. Аммо бошқаларнинг чиройли боласини ўзимизни хунукроқ фарзандимиздан афзал кўрмаймиз-ку?

Аммо Ўзбекистонда ўнлаб соф ўзбекча жой номларини  форсча-арабчаси билан алмаштирилганини эшитиб, беш юз йиллик Қўрғонтепани Бохтар деб қайта номлаган қўшниларимиз роса кулишган бўлса, ажабланмайман.

Кундалик турмушда...

Ҳар доим яқин-йироқ мамлакатларга сафарим асносида, аввало, маҳаллий аҳолининг миллий анъаналари, миллий ўзликка қанчалик содиқлиги билан қизиқаман ва ўзимиздаги ҳолат билан таққослайман.

Кўпинча қозоқларни бизга қараганда кўпроқ руслашган деб ўйлашади.  Мен бу фикрга қўшилмайман. Куни кеча Чимкент, Туркистон сингари шаҳарларни кезиб бунга яна бир бор амин бўлдим. Турли идоралар, умумий овқатланиш муассасалари, савдо объектлари номлари, эълон ва йўлкўрсаткичлар фақат давлат тилида ёзилган.

Грузия, Озарбойжон сингари давлатларда бўлганимда, халқнинг она тилига бўлган ҳурмати ҳавасимни келтирган. Бизда эса, ҳатто ўзбеклардан бошқа ҳеч ким яшамайдиган чекка туманларга борсангиз ҳам эълон ва атамалар русча эканини кўриб кулгингиз келади.

Ўзи ғирт ўзбекнинг ўзбеги бўла туриб, боласини рус мактабига бериш учун борини беришдан тоймайди. Шу боис, рус мактабларига талаб муттасил ошиб боряпти.

Ҳали-ҳамон йиғилишларда битта бошқа миллат вакили бўлса, дарров тилимиз ўзгаради. Ҳали ҳамон ишга кириш учун рус тилини биладиган талабгорларга устунлик берилади. Минг марта айтилса-да, тилимиз Алайский,  Фархадский, Рисовий, ТашГРЭС, Софийский, Дружба народов, Северо-восток, Кадишева, Вузгородок сингари атамалардан чарчамади.

Энди жой номларини аташда русча камлик қилдими, инглизча, европача атамаларга кўпроқ мурожаат қила бошладик. Тошкентнинг энг гавжум қисмларини айланаркансиз, Mini-market, barber-shop, hotel, WC, restaurant, Car wash, Business center, Sale, Boutique'ларни кўрасиз...

Қисқасини айтганда...

Маълумотларга қараганда, 2005 йилда Ер юзида 6912 та тил рўйхатга олинган. Шундан 96%ида сайёрамиз аҳолисининг атиги 2%и гаплашади. Сўнгги 70  йил ичида 250 га яқин тил “ўлган”,  яъни истеъмолдан умуман чиқиб кетган. Ҳозирги кунда 2500 га яқин тилни машъум қисмат кутмоқда.

Шукурки, ЮНЕСКО томонидан ўзбек тили хавф остида бўлмаган тиллар гуруҳига киритилган. Аммо бу меъёрлар ўзгариб туришини унутмаслик керак. Баъзи олимлар агар жараён шу тахлит давом этаверса, 50 йилдан кейин фақат маиший доиралардаги қоладиган тиллар рўйхатини тузишган. Таассуфки бу рўйхатда ўзбек тили ҳам бор.

Шундай экан, барчамиз аждодларимизнинг энг буюк мероси бўлган она тилимизни асраб-авайлаб, келгуси наслларга бекам-у кўст етказишга  ҳисса қўшайлик. Токи, яна минг йиллар оша дунёда ўзбек сўзлари жаранглаб турсин.

Рустам Жабборов, журналист

    Бошқа янгиликлар