Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу давлатда яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди.
Элчихона Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиши эҳтимоли борлиги сабабли фуқароларни ҳушёр бўлишга ва шахсий хавфсизлик чораларига риоя қилишга чақирди.
Фуқароларга Исроил расмий идоралари, жумладан, Фуқаро фронти қўмондонлиги (Home Front Command) томонидан берилаётган хабар ва кўрсатмаларни мунтазам кузатиб бориш ҳамда уларга амал қилиш тавсия этилди.
Шунингдек, элчихона яшаш ёки иш жойига яқин бўлган бошпана жойларини олдиндан аниқлаб қўйиш, ҳаракатланиш вақтида эҳтиёткор бўлиш, расмий чекловлар ва хавфсизлик бўйича огоҳлантиришларни инобатга олиш кераклигини билдирди.
Фуқароларга шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзи билан олиб юриш ва яқинлари билан доимий алоқада бўлиш тавсия қилинган.
“Хотиржамликни сақланг, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатманг ва фақат расмий манбалар ахборотига таянинг. Элчихона вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда ва зарурат туғилганда қўшимча маълумот беради”, — дейилади хабарда.
Элчихона билан боғланиш учун қуйидаги рақамлар кўрсатилган:
03-672-2466
03-672-2371
03-758-5075
03-758-5076
Фавқулодда ва шошилинч ҳолатларда қуйидаги рақамга мурожаат қилиш мумкин: +972 54 485 1397.
Аввалроқ, 16 июнь куни элчихона Ўзбекистон фуқароларига Исроилга кириш ва мамлакатдан чиқиб кетишда божхона қоидаларига қатъий риоя қилиш бўйича мурожаат қилган эди.






