Президент Шавкат Мирзиёев айрим маҳалла раислари ўз ҳудудини ривожлантириш масалаларига етарлича ташаббус кўрсатмаётганини танқид қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 16 июль куни маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда «маҳалла еттилиги» фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз юритди.
Президентнинг таъкидлашича, жорий йилда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса ўртача 5,5 миллиард сўмдан маблағ йўналтирилган.
Шунингдек, туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушум бўйича ваколатлари кенгайтирилиши натижасида ҳудудларда қоладиган қўшимча даромад ҳажми икки бараваргача ошган. Хусусан, туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан, маҳалла бюджетларида эса 150–200 миллион сўм атрофида қўшимча маблағ шаклланган.
"Лўнда айтганда, ҳудуддаги масалаларни ҳал қилиш учун ҳокимда ҳам, маҳалла раисида ҳам, умуман, “еттилик”нинг ҳар бир вакилида ресурс ва ваколат бор. Етишмаётган жиҳат – масъулият ва ташаббускорлик", деди Президент.
Йиғилишда қайд этилишича, таҳлиллар айрим маҳаллаларда муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаётганини кўрсатган. Жорий йилнинг ўзида Халқ қабулхоналари орқали 87 та маҳалланинг ҳар биридан 200 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Президент бу ҳолатни айрим маҳалла раислари ўз ҳудуди учун мастер-режа ишлаб чиқмаётгани, бўш ер майдонлари ва бино-иншоотларни иқтисодий активга айлантириш имкониятларини изламаётгани, шунингдек, юқори ташкилотлар раҳбарлари олдига аниқ таклиф ва масалалар қўя олмаётгани билан изоҳлади.
Шунингдек, "Ташаббусли бюджет" дастури доирасида жорий йил 7,5 триллион сўм ажратилган бўлса-да, 2 136 та маҳаллада бирорта ҳам лойиҳа ғолиб бўлмагани танқид қилинди. Давлат раҳбари маҳалладаги ҳамжиҳатлик, дахлдорлик ва ташаббускорлик айнан амалий натижалар орқали баҳоланишини таъкидлади.
Йиғилишда аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган микролойиҳалар ҳам таҳлил қилинди. Қайд этилишича, сўнгги олти ойда банклар томонидан кичик бизнес ва микролойиҳалар учун 18,5 триллион сўм маблағ ажратилган. Бу ҳисобдан 110 мингта микролойиҳа амалга оширилиб, 259 минг нафар фуқаро иш билан таъминланган.
Бироқ, Президент таъкидлаганидек, 47 та маҳаллада бор-йўғи иккитадан микролойиҳа ишга туширилган бўлиб, бу мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатади.






