АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 миллион сўмдан ошди

Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

'Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 миллион сўмдан ошди'ning rasmi

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–июнь ойларида ўртача ойлик иш ҳақи 7 миллион сўмдан юқори бўлди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Қўмита маълумотларига кўра, ушбу даврда республика бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 миллион 091,1 минг сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 18,4 фоизга ошган.

Ҳудудлар орасида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди — 12 миллион 013,9 минг сўм. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,2 фоиз кўп.

Шунингдек, Навоий вилоятида ўртача ойлик иш ҳақи 8 миллион 722,7 минг сўмни, Тошкент вилоятида 6 миллион 675,7 минг сўмни, Андижон вилоятида 5 миллион 683,6 минг сўмни, Бухоро вилоятида 5 миллион 618,2 минг сўмни ташкил этган.

Энг паст кўрсаткичлар Қашқадарё вилоятида — 4 миллион 864,7 минг сўм, Сурхондарё вилоятида — 4 миллион 937,3 минг сўм ҳамда Фарғона вилоятида — 5 миллион 163,5 минг сўм қайд этилган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори иш ҳақи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида кузатилган. Бу йўналишда ўртача ойлик иш ҳақи 19 миллион 100,2 минг сўмни ташкил этган.

Ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 17 миллион 417,4 минг сўм, ташиш ва сақлаш соҳасида 11 миллион 070 минг сўм, саноатда 8 миллион 267 минг сўм, савдо соҳасида эса 7 миллион 650,5 минг сўмга етган.

Таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 4 миллион 977,1 минг сўмни, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 4 миллион 440,3 минг сўмни ташкил қилган.

    Бошқа янгиликлар