АсосийЖАМИЯТ

Болалар нафақаси кимларга тўхтатилади?

Август ойидан болалар нафақаси тўловлари янги шартлар асосида давом эттирилади.

'Болалар нафақаси кимларга тўхтатилади?'ning rasmi

Ўзбекистонда 2026 йил август ойидан айрим оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловлари тўхтатилиши мумкин. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.

Янги тартибга кўра, “Камбағал оила” тоифасига киритилган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам улар тайинланган кундан бошлаб 6 ой муддатга, оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари расмий банд бўлиши шарти билан берилади.

2026 йил февраль ойида тайинланган тўловларнинг 6 ойлик муддати август ойида якунланади. Шундан сўнг нафақа давом эттирилиши ёки тўхтатилиши оила аъзоларининг бандлигига қараб белгиланади.

Агар меҳнатга лаёқатли шахс сўнгги 6 ой давомида расмий ишламаган бўлса ёки Бандлик хизматлари томонидан таклиф қилинган мос ишни икки марта ёки ундан кўп рад этган бўлса, нафақа тўлови август ойидан бошлаб тўхтатилади.

Тўловларни сақлаб қолиш учун меҳнатга лаёқатли оила аъзоси расмий ишга жойлашиши, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расмийлашиб, ижтимоий солиқни тўлаши керак.

Шунингдек, оила даромадига қараб нафақа миқдори ҳам фарқ қилиши мумкин. Даромад минимал истеъмол харажатларининг 1–1,25 баравари оралиғида бўлса, тўловнинг 75 фоизи, 1,25–1,5 баравари оралиғида бўлса, 50 фоизи тўланади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги таъкидлашича, мазкур тўловлар ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилади.

    Бошқа янгиликлар

    Болалар нафақаси кимларга тўхтатилади? - Darakchi.uz