Аввалроқ, БМТ зилзилалар табиий офатлар ичида энг ҳалокатлиси эканини таъкидлаб, Марказий Осиё давлатларини бундай хавфларга тайёр туришга чақирган эди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари, айниқса Фарғона водийси сейсмик хавфи юқори бўлган ҳудудлар қаторига кириши қайд этилган.
Сейсмология институти лаборатория мудири Улфат Нурматовнинг таъкидлашича, бу каби маълумотлар аҳоли орасида ваҳима уйғотмаслиги керак.
“Ваҳимали хабарларга ишонмаслик лозим. Ўзбекистон ҳудуди азалдан сейсмик фаол минтақа ҳисобланади. Бу ерда зилзилаларни юзага келтирувчи геологик ёриқлар мавжуд ва уларнинг сейсмик имкониятлари илмий жиҳатдан чуқур ўрганилган”, деди мутахассис.
Унинг сўзларига кўра, республика ва қўшни давлатлар ҳудудида юз бериши мумкин бўлган энг юқори магнитудали зилзилалар бўйича баҳолашлар амалга оширилган ҳамда махсус сейсмик хариталар ишлаб чиқилган. Бугунги кунда барча бино ва иншоотлар айнан шу хариталар асосида лойиҳалаштирилиб, қурилмоқда.
Мутахассис қайд этишича, Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудида кучли зилзилалар аввал ҳам кузатилган. Хусусан, Фарғона водийсида сўнгги йирик зилзила 2011 йилда Қирғизистон ҳудудида содир бўлган ер силкиниши таъсирида қайд этилган бўлиб, унинг магнитудаси 6,4 ни ташкил этган. Шундан буён бундай кучдаги зилзилалар қайд этилмаган, 5–5,5 магнитудали ер силкинишлари эса мунтазам кузатилиб туради.
Улфат Нурматовнинг таъкидлашича, энг катта сейсмик фаолликка эга геологик ёриқлар асосан Тожикистон ва Помир ҳудудларида жойлашган бўлиб, у ерларда магнитудаси 7 гача бўлган зилзилалар юзага келиши мумкин. Бироқ уларнинг Ўзбекистон ҳудудига таъсири 9 баллдан ошмайди.
Шунингдек, Афғонистон ҳудудида ҳам тез-тез такрорланувчи зилзила ўчоқлари мавжуд. Аммо улар, асосан, 250–300 километр чуқурликда содир бўлгани сабабли, Марказий Осиё давлатларида кучли вайронкор оқибатларга олиб келмайди.
Мутахассис Фарғона водийси сейсмик харитасига таяниб, ҳудуднинг 90 фоиздан ортиғи 8 балли сейсмик зонага киришини, мавжуд геологик ёриқлар ўзининг энг юқори салоҳиятини намоён этган тақдирда ҳам силкиниш кучи 8 баллдан ошмаслигини билдирди. Фақат Андижон вилоятининг айрим кичик ҳудудларида 9 баллгача етиши мумкинлиги қайд этилди.
“Кейинги 50 йил ичида ушбу ҳудудда 8 баллдан кучли зилзила содир бўлиш эҳтимоли атиги 5 фоизни ташкил этади. Демак, бундай ҳолат юз бермаслик эҳтимоли 95 фоиз. Шунинг учун аҳолига ҳозирча ваҳимага тушиш учун ҳеч қандай асос йўқ”, деди Улфат Нурматов.
Маълумот учун, 2025 йил июнь ойида ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлиги магнит бўронлари сабаб Ўзбекистонда кучли зилзила содир бўлиши ҳақидаги хабарларни рад этган.






