Яширин иқтисодиётга қарши кураш, ноқонуний савдо, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шаффоф рақобатни таъминлаш – ушбу долзарб масалалар ЎзЛиДеП матбуот-клубининг навбатдаги йиғилишининг мавзуси бўлди.
Яширин иқтисодиёт мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши ва халқ фаровонлиги яхшиланишидаги тўсиқдир. Яширин иқтисодиётни қисқартиришда Ўзбекистондаги контрабанданинг салмоқли улушини ташкил қилувчи фармацевтик препаратлар, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини олиб кириш ва реализация қилиш устидан назоратни кучайтириш алоҳида аҳамият касб этади.
ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИ КОНТРАБАНДАСИ
Ноқонуний савдога қарши курашиш – қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг биргаликдаги мажбурияти. Жумладан, бу борада божхона тизимининг роли муҳим. Ўзбекистонга кириб келадиган барча товарлар ва маҳсулотларнинг қонунийлигини таъминлаш тармоқ ходимларининг энг муҳим функциялари саналади. Агар рақамлар ҳақида гапирсак, жорий йилнинг 9 ойида божхоначилар томонидан жами 17,8 миллиард сўмлик 1 миллион 458 минг 736 дона тамаки маҳсулоти олиб қўйилган. Айбдорларга нисбатан 60 та жиноий ва 175 та маъмурий иш очилган. Бугунги кунда Фарғона водийсидаги ҳар бешинчи сигарета ноқонунийдир. Булар фақат божхона тизимида аниқланган тамаки маҳсулотлари контрабандасига оид рақамлардир.

100 ДАН ЗИЁД ЖИНОИЙ ИШЛАР ҚЎЗҒАТИЛГАН
Дилрабо Курязова, Бош прокуратура бошқармаси бош инспектори дори воситалари ва алкоголь маҳсулотлари борасидаги вазият ҳақида маълумот берди.
– Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фармацевтика, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва реализация қилишнинг олдини олиш бўйича ҳам тезкор чоралар кўрмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 102 та қонунбузарлик аниқланган ва 67 та жиноий иш қўзғатилган. Ашёвий далиллар сифатида жиноятчилар томонидан сотувга чиқариш мўлжалланган жами суммаси 4 млрд сўмдан зиёд бўлган сифатсиз ва контрафакт дори воситалари ҳамда тиббий мақсадлардаги буюмлар олиб қўйилди. Шунингдек, жами психотроп воситалар ноқонуний айланишига оид 83 та ҳолат аниқланди ва уларнинг 78 таси бўйича жиноий ишлар қўзғатилди. Алкоголь маҳсулотини ноқонуний ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича 92 та факт аниқланди, 52 та жиноий иш қўзғатилди. Бу борада алкоголь маҳсулотини ноқонуний ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўндан зиёд махфий цехлар фаолиятига чек қўйилди.
СОЛИҚДАН ҚОЧИШ
Нега айнан мана шу турдаги маҳсулотлар мамлакатда контрабанданинг салмоқли улушини ташкил қилади?
Акмалжон Анорқулов, Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи:
— Давлат бюджети даромадлар тузилмасида қўшилган қиймат ва акциз солиқлари улуши юқори бўлиб, қарийб 40 фоизни ташкил қилади. Бу солиқ тушумларининг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши давлатнинг асосий ижтимоий-иқтисодий функциялари бажарилишининг асоси саналади. Бироқ, солиқдан қочиш учун, иқтисодиётнинг турли тармоқларида яширин ва ноқонуний фаолият билан шуғулланадиганлар топилади. Акциз ва ҚҚСдан тушадиган солиқ даромадларининг юқори улушини инобатга олсак, тармоқда яширин иқтисодиётни қисқартириш бюджет даромадлари прогнозини таъминлашга катта таъсир кўрсатади. Кўрилаётган чораларга қарамай, ноқонуний савдо кенгайишда давом этмоқда, бу иқтисодиётга бевосита зарар келтириб, истеъмолчилар саломатлигига таҳдид қилмоқда. Юқори солиқ ставкалари ва уларни тўлашдан қочиш истаги контрабанда даражасининг ўсишига хизмат қилувчи омиллардан бири саналади.
Тадқиқотларга кўра, чекувчиларнинг 64 фоизи барча солиқлари тўланган қонуний маҳсулотларга нисбатан арзонлиги учун паст сифатли ва хавфсизлиги шубҳали бўлган контрабанда маҳсулотларини истеъмол қиладилар.







