Президент матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида бўлиб ўтган брифингда Шавкат Мирзиёевнинг жорий ҳафтадаги иш жадвали ҳақида маълумот берилди, дея хабар қилди "Darakchi.uz" журналисти.
Таъкидланишича, жорий ҳафта ҳам Давлат раҳбарининг иш жадвали жуда тиғиз бўлиб, қатор учрашув, муҳокама, ташрифлар бўлиб ўтади.
Бугун куннинг биринчи ярмида Президентимиз Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашув ўтказди. Унда иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия навбатдаги йиғилишининг асосий якунлари ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳафта давомида Давлат раҳбари Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишельни қабул қиладилар. Учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳакмкорлигини муҳокама қилиш ҳамда минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасисдан фикр алмашиш ўрин олган.
Бундан ташқари, ҳозирда қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.
27 октябрь куни Давлатимиз раҳбари “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” саммитида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрига ташриф буюради.
Шу билан бирга, мазкур иш ҳафтасидан бошлаб ҳудуд раҳбарлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича Президент ҳузурида ҳисобот беришни бошлайди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги жорий ва келгуси устувор вазифалар юзасидан муҳокамалар режалаштирилган.






